АҚШ томонидан Ироқдаги шиаларнинг ҳарбийлаштирилган ташкилоти «Ҳизбуллоҳ» базаларига берилган авиазарбалари оқибатида 25 киши ҳалок бўлди ва яна 55 киши жароҳат олди, деб хабар беради Al Jazeera телеканали.

Фото: Reuters

Мазкур авиазарба кейинроқ АҚШ президенти Дональд Трамп билан Пентагон раҳбари Марк Эспер ҳамда АҚШ давлат котиби Майк Помпео иштирокида муҳокама қилинган.

Телеканал манбасига кўра, ҳалок бўлганлар орасида ташкилотнинг камида тўрт нафар командири бўлган.

Ҳужумдан сўнг, Помпео, Эспер ва АҚШ Қуролли Кучлари бирлашган штаб бошлиқлари қўмитасининг раиси Марк Милли Дональд Трамп билан Мар-а-Лаго қароргоҳида учрашиб, Ироқ ва Суриядаги объектларга ҳужум қилингани ҳақида хабар берган.

Учрашувдан сўнг Пентагон раҳбари «ўз-ўзини мудофаа қилиш йўлида барча зарур чора-тадбирлар қўлланилишини, шунингдек, Эрон ёки кўнгилли аскарлар гуруҳи томонидан амалга ошириладиган ҳаракатларга олдингидек қарши турилишини» маълум қилди. Барча зарбалар Ф-15 қирувчи самолётлари томонидан амалга оширилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари Ироқ ва Суриядаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг объектларини бомбардимон қилганди. Ҳарбий идора вакилларининг фикрича, бу келажакда бирлашган коалицияга ҳужумлар уюштирилишига халақит беради.