Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов шоир Шарофиддин Болтабоевга Chevrolet Nexia совға қилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Ижтимоий тармоқларда вилоят ҳокими томонидан теримчиларга бўлаётган рағбатни кўриб юрагим тошиб кетди. Ўзимиз ҳам пахтанинг ичида ўсганмиз, болаликни қўмсаб, ҳам дам олишни режа қилдим. Шу боис пахта териб, пахтакорларга ҳорманг дейиш мақсадида ва, ўзимча, ҳокимдан машина олишни яхши ният қилиб, Андижон томон йўлга чиқдим. Фарзандларим «Шанба ва якшанба кунлари биз ҳам сизга пахта теришда ёрдам берамиз», деб мени руҳлантиришди. Уч кун туманларда бўлиб, пахта тердим. Шеърлар ўқиб, пахтакорлар билан суҳбатлар қурдим.

Бундан етти йил аввал, Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон вилоятига ҳоким бўлганида, Мустақиллик байрами учун шеър ёзиб бергандим ва у қўшиқ бўлган. Шундан буён вилоятдаги байрамлар учун шеърлар ёзиб келаман.

Машина берилишидан уч кун аввал вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов мени қабулига чақириб, ўтган етти йил ичида Андижонда бўлаётган ўзгаришлар ҳақида зўр қўшиқ учун яхши шеър ёзиб беришимни сўради. Шуҳратбек Қўшоқбоевич суҳбат давомида анча йиллардан буён байрамларни кўнгилдагидек ўтказишга қўшиб келаётган ҳиссам учун у мени Тошкентга мошина миндириб жўнатиш нияти борлигини айтди.

Шарофиддин Болтабоев, шоир

Шоир Андижон вилояти ҳокими томонидан илғор теримчиларга машина совға қилинаётгани ҳақида «Пахта тергим келяпти» номли шеър ёзган:

Фото: Рустам Эшонов / «Дарё»

Зўр ташвиқот, даъват бу.

Андижонча ибрат бу.

Теримчига машина,

Тантиларча рағбат бу.

Бунақаси бўлмаган,

Яқин тарих кўрмаган,

Оддий халқни ҳеч давлат,

Бундай рози қилмаган.

Бу ҳаёт тўлқинидан,

Қолмай шаҳд оқимидан,

Худо ол қулим деса,

Вилоят ҳокимидан,

Ravon мингим келяпти,

Пахта тергим келяпти.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг «Дарё» мухбирига маълум қилишича, шоир Шарофиддин Болтабоевга совға сифатида тошпирилган автомобиль андижонлик ҳомийлар ҳисобидан, у Андижонни мадҳ этгани учун тақдим этилган.

Фото: Рустам Эшонов / «Дарё»

Аввалроқ Андижон вилояти теримчиларга тақдим этилган автомобиллар кластерлар ҳисобидан берилгани ва бунда вилоят ҳокими фақатгина совға беришда қатнашгани маълум қилинган эди.