Ҳозирда Москва вилояти ва шаҳрида 60 мингдан ортиқ бухоролик меҳнат мигрантлари вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда.
Меҳнат вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ҳамкорлигида меҳнат миграцияси соҳасида олиб борилаётган чора-тадбирлар масаласига бағишланган анжуманда маълум қилган.
Унда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Россия меҳнат ва бандлик федерал хизмати раҳбарияти, тегишли давлат органларининг масъуллари иштирок этди.
Анжуманнинг асосий мақсади Ўзбекистон фуқароларининг Россияда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириши жараёнида юзага келаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда меҳнат миграцияси тизимини янада такомиллаштириш масалаларига қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур анжуман Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида 2017 йил 5 апрелда тузилган «Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий асосда жўнатиш ва жалб қилиш тўғрисида»ги Келишувни амалга ошириш доирасида 12—13 ноябрь кунлари Бухоро вилоятида ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)