Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Зоир Мирзаев – Қашқадарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё»

Зоир Мирзаев Бош вазир ўринбосари ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири лавозимларида фаолият юритиб келган. 2018 йил октябрида «Оққўрғон воқеаси» сабаб ишдан олиниб, Шароф Рашидов туманига ҳоким этиб тайинланганди.

«Дарё» манбасининг қўшимча қилишича, Қарши шаҳрига Касби тумани ҳокими Нормўмин Холбоев, Миришкор туманига Бахтиёр Ражабов, Чироқчи туманига эса собиқ ҳоким Зафар Рўзиевнинг биринчи ўринбосари Хуррам Жўраев тайинланган.

Аввалроқ, вилоятнинг 4 нафар раҳбари — Зафар Рўзиев, Ботир Юсупов, Дилшод Турсунбоев ҳамда Равшанжон Насимов ишдан олингани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Қарши шаҳар ҳокими Жамшид Фозилов ҳам ишдан олинган. Чироқчи ва Миришкор туманлари ҳокимлари масъулиятсизлиги ҳамда Китоб туман ҳокими эса соғлиғи ёмонлашганлиги сабаб ўз аризасига биноан вазифасидан озод этилган.