Тошкентнинг Яшнобод туманида бир гуруҳ шахсларнинг МЧЖнинг жуда кўп миқдордаги мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича фуқаролар Ф.Р., Б.З., Ш.А., якка турдаги тадбиркор Р.К. ва «Камол» исмли шахслар, Бухоро шаҳридаги «Х-А» МЧЖ бош ҳисобчиси М.Д.нинг ишончига кириб, жамиятдан якка турдаги тадбиркор Р.К. ҳисоб рақамига қурилиш ишлари учун ўтказилган 340 миллион сўмни турли савдо тармоқларига ўтказиш орқали нақдлаштирган.
Фуқаро Ф.Р. томонидан фирибгарлик йўли билан қўлга киритилган маблағларнинг 9 500 долларига енгил автомашина сотиб олиниб, жиноий фаолиятдан олинган даромадлар легаллаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаролар Ф.Р., Б.З., Ш.А., якка турдаги тадбиркор Р.К. ва «Камол» исмли шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)