Зимбабвенинг собиқ президенти Роберт Мугабе 6 сентябрь куни 95 ёшда вафот этгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Сингапурда ҳаётдан кўз юмган Роберт сўнгги йилларда оғир хасталикка чалинган бўлган.
Роберт Мугабе 1980 йили, Зимбабве мустақилликка эришганда бош вазир бўлганди. 7 йилдан сўнг бу лавозимни бекор қилиб, ўзини президент этиб тайинлайди. Мугабе давлат раҳбарлигига олти маротаба қайта сайланган ва мамлакатни салкам 40 йил бошқарган. 2017 йилдаги давлат тўнтарилишидан сўнг истеъфога чиқишга мажбур бўлган.
«Meduza» номи чиққан африкалик диктатор Роберт Мугабе ҳақида билиш лозим бўлган жиҳатларга эътибор қаратди.
Роберт Мугабе қандай қилиб ҳокимият тепасига келган?
Мугабенинг асли касби ўқитувчи, 1960 йиллардан сиёсатга аралаша бошлаган. Ўша вақтларда Зимбабве Буюк Британиянинг ўз-ўзини бошқарувчи мустамлакаси эди ва сегрегация (қора танлиларни ажратиб қўйиш) сиёсатини юргизувчи оқ танли озчилик ҳукумати томонидан бошқариларди.1960 йиллар охиридан то 1979 йилга қадар мамлакат мустақиллик учун урушни бошдан кечирган, шу вақтда икки миллий партия майдонга чиққан. Мугабе улардан бири — «Зимбабвенинг Африка миллий иттифоқи» (ЗАМИ) етакчиси эди. 1980 йили Зимбабве мустақилликка эришганидан сўнг, ЗАМИ парламент сайловларида ғолиб чиққан, Мугабе эса бош вазир лавозимини эгаллади. Орадан етти йил ўтиб, 1987 йили у мамлакат конституциясига ўзгартириш киритиб, бош вазир лавозимини бекор қилди, ўзини эса президент деб эълон қилади (кейинчалик у президент сайловларида беш марта ғолиб чиққан).
Мугабе яхши президент бўлганми?
Мугабе ҳокимият тепасига келган вақтда Зимбабве иқтисодиёти Африкада энг қудратлиларидан бири эди. Ҳозир эса жаҳоннинг энг қашшоқ 30 мамлакатидан бири. Бироқ мустақилликнинг ва Мугабе ҳукмронлигининг илк йиллари зимбабвеликлар ўз раҳбаридан норози бўлмаган. Бунга бир неча сабаб бор.Мугабе легитим парламент сайлови якунларига кўра бош вазирга айланган. У инқилоб рамзи ва нафақат Зимбабведа, балки ундан ташқарида ҳам яхшигина обрў-эътиборга эга эди. Бундан ташқари, барқарор иқтисодиётга эга мамлакат раҳбарига айлангач, у ижтимоий соҳага катта эътибор қаратган: унинг ҳукмронлигининг дастлабки 10 йилида таълим ва соғлиқни сақлашга ажратилган харажатлар уч баробарга ошган.
Умуман олганда, Мугабе сиёсий нуқтаи назардан сўл қанот вакили эди: у энг кам иш ҳақи миқдорини белгилаган, янги иш ўринлари яратилишини рағбатлантирган, кредитлар бўйича ставкаларни чеклаган.
Бироқ 2000 йилнинг бошида мамлакатда инқироз бошланиб, 2008 йилда у ўз чўққисига чиқди. Ўшанда Зимбабве ташқи қарзи ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг 131 фоизини ташкил этди, ЯИМнинг ўзи эса 18 фоизга қисқарди. 2008 йил охирига бориб инфляция даражаси ойига 79 миллиард фоизга етди; нархлар ҳар 24 соатда икки баробарга ошарди.
2009 йили Мугабе миллий валюта — Зимбабве долларидан воз кечишга мажбур бўлган ва ҳисоб-китоблар учун АҚШ доллари ва Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) рандидан фойдаланишга ўтилган. Шундан бери мамлакат ЯИМининг ҳажми 2016 йилда салкам 0 даражагача тушган бўлса-да манфий кўрсаткичгача пасайгани йўқ. Ҳозир эса Зимбабведа яна янги инқироз юз бериши эҳтимоли борлиги айтилмоқда.
Нима учун мамлакатда бундай жиддий инқироз юз берган? Мугабе яна қандай ишлари билан машҳур?
Мугабе Зимбабведан оқ танли фермерларни ҳайдагани билан танилган. Айнан мана шу «тезкор ер ислоҳоти» Зимбабведаги инқирознинг асосий сабаби ҳисобланади.Зимбабве ўз мустақиллигини эълон қилган вақтда, яъни 1980 йилда мамлакатдаги экин майдонларининг 80 фоизи 5 фоиз оқ танли аҳоли қўлида эди. Ерларни қайта тақсимлаш инқилобнинг асосий шиорларидан бири бўлган, бироқ Буюк Британия билан имзоланган келишув бундай ислоҳот ўтказилишини 10 йилга кечиктирган эди. Давлатга мажбурий тартибда сотилиши шарт бўлган фермаларнинг дастлабки рўйхати 1990 йилларнинг бошига келибгина тузилган.
2000 йили қора танли аҳоли оқ танлиларга тегишли бир неча фермаларни эгаллаб олган; суд аҳолининг бу ҳаракатларини ноқонуний деб топган. Бунга жавобан Мугабе оқ танлиларни «давлат душмани» деб атаб, «тезкор аграр ислоҳот» ўтказилишини эълон қилган. Кейинги уч йил ичида 4300 та ферма 127 мингдан зиёд қора танли деҳқонлар қўлига ўтган. Мустамлакачиларнинг авлодлари мамлакатдан оммавий равишда қочишни бошлаган, ерларнинг янги хўжайинларида эса фермерлик қилиш бўйича зарур билим ва кўникма йўқ эди. Оқибатда ҳосилдорлик пасайган, Зимбабве чет элдан озиқ-овқат сотиб олишга мажбур бўлган.
Шунга қарамай, Мугабе ер ислоҳотидан воз кечмади. 2017 йилга келиб, унинг сўзларига кўра, оқ танли аҳоли ихтиёрида бор-йўғи 73 та ферма қолган эди, холос.
Ворис сифатида кўрилган унинг хотини қандай ишлари билан машҳур?
Афтидан, айнан Грэйс Мугабенинг сиёсий хоҳиш-истаги сабабли мазкур тўнтариш юз берди. Бунгача у, асосан, ўзининг исрофгарчилиги (бу «фазилати» шарофати билан у Gucci Грэйс лақабини орттирган) ва ўзини муносиб тута билмаслиги билан танилган эди. 2017 йил августида Грэйс Мугабе жанубий африкалик модел Габриэлла Энжелсни урган эди. Ҳодиса Йоҳаннесбургдаги меҳмонхона номерида юз берган — модел бу ерда Грэйснинг ўғиллари билан бирга бўлган. Энжелснинг сўзларига кўра, Зимбабве президентининг хотини хонага бостириб кириб, у ерда ким бўлса ҳаммани савалай кетган; моделнинг пешанаси ёрилган. Қиз Грэйс Мугабени тажовузда айблади, бироқ Зимбабве биринчи хоними судга келмади — у ЖАР томонидан тақдим этилган дипломатик дахлсизликдан фойдаланиб, ватанига қайтиб кетган.Мугабе қандай қилиб узоқ вақт ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб тура олди?
Оддий — мухолифатни шафқатсизлик билан жазолаш ва сайлов натижаларини сохталаштириш орқали. Бош вазирга айлангач, Мугабе «Бешинчи бригада» номли махсус бўлинма тузган, унинг аъзолари 1987 йилга қадар мухолифатдаги «Зимбабвенинг Африка халқ иттифоқи» (ЗАХИ) партиясининг 20 мингга яқин аъзолари ва тарафдорларини ҳибсга олиб, йўқ қилган. Иш икки партиянинг бирлашуви ва Зимбабвенинг бир партияли мамлакатга айланиши билан якунига етган. Йиллар ўтиши билан Зимбабведаги сайловларнинг эркинлиги камайиб борди, дейди Иллинойс (АҚШ) университети тарих профессори Тереза Барнс. Қоидабузарликлар бўйича энг машҳур сайлов 2008 йилгиси ҳисобланади. Ўшанда мухолифатчи Морган Свангираи президент сайловининг биринчи турида ғалаба қозонган, бироқ тарафдорларига уюштирилган кетма-кет ҳужумлар сабаб иккинчи тур арафасида ўз номзодини сайловдан олган. У ўшанда «ҳокимиятга эришиш йўлида одамларнинг ўлдирилиши»га жим қараб тура олмаслигини айтиб ўтган эди.Мугабе сайловнинг иккинчи турида 85,5 фоиз овоз олган — бу ўша вақтда мамлакатда ақл бовар қилмас даҳшатли гиперинфляция юз бераётган вақтда қайд этилган натижа эди.
Мугабени ҳаммаёқда мана шундай ёмон одам деб ҳисоблашадими?
Африкада Роберт Мугабени ҳали ҳам озодлик учун кураш тимсоли сифатида қадрлайдиганлар бор. У аксарияти ўзи каби ўтмишда мустақиллик учун курашган президентлар билан яқин муносабатда бўлган.Зимбабве президентининг Ғарб билан муносабатлари яхши эмаслиги тушунарли ҳол. 1990 йиллар охирида АҚШ ва Европа Иттифоқи Мугабе тузумига қарши санкциялар жорий этган, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва Ғарбдаги бошқа донорлар Мугабени иқтисодиётни қулатганликда айблаб, молиявий ёрдамни тўхтатган. Бунга жавобан, у АҚШ ва Буюк Британиянинг фикри билан ҳисоблашиш нияти йўқлигини билдирган. «Мени бу лавозимга тайинлаган Парвардигоргина ундан мени олиши мумкин! МДК (Зимбабведаги мухолифатчи партия) ҳам, британияликлар ҳам мени бу лавозимдан ололмайди», — деган эди у 2008 йилги сайловлар арафасида.
Изоҳ (0)