Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Диёрбек Қўчқоров иштирокида навбатдаги брифинг бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хабар берди.
Унда 10 август куни бўлиб ўтган тест синови натижалари тақдим этилди.
Маълумотларга кўра, 12 август куни республика бўйлаб 43 та бинода тест синовлари икки сменада бўлиб ўтган. Жами 53 минг 162 нафар иштирок этиши белгиланган абитуриентдан 51 минг 667 нафари тест синовларига келган. 1464 нафари эса турли сабабларга кўра иштирок этмаган. Шу куни 11 нафар абитуриент ҳудудга киришда, 20 нафари эса бинода қоидани бузганлиги учун тест синовларидан четлатилган.
10 август куни бакалавр таълим йўналишининг кундузги шакли бўйича Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг филология ва тилларни ўқитиш факультети абитуриенти энг юқори балл тўплаган — 231,9 балл (173,9 балл — тест синовлари натижаси, 58 балл — касбий (ижодий) имтиҳон натижаси); сиртқи таълим шакли бўйича Фарғона давлат университетининг филология ва тилларни ўқитиш йўналиши — 174,2 балл, кечки таълим шакли бўйича Тошкент давлат шарқшунослик институтининг тарих таълим йўналишида — 172,6 балл.
8 август куни Сурхондарё вилоятида, 10 август куни эса Сирдарё ва Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида тест синовлари якунлангани маълум қилинди.
Диёрбек Қўчқоровнинг билдиришича, ДТМ томонидан техник хатога йўл қўйилган тест саволи учун максимал балл берилади.
Изоҳ (0)