Тўққиз ёшли бола Хитой жанубидаги Гуандун провинциясининг Хэюан жарлигида 66 миллион йиллик тошга айланган 11 та динозавр тухумларини топди. Бу ҳақда Сина портали маълумотига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
Унда айтилишича, ноёб топилма қолдиқлари жарлик ҳудудидаги тупроқнинг кучли сув тошқини сабаб ювилиб кетиши натижасида топилган. Ҳар бир тухумнинг диаметри 9 сантиметрни ташкил этади. Аввалига бола уларнинг бирига дуч келган, кейин эса маҳаллий музей ходимлари билан бирга қўшимча ишлар олиб борилган ва яна 10 та шундай тухум топилган.
«Бу қандай динозаврга тегишли эканлигини аниқлаш мушкул. Бунга аниқлик киритиш учун қўшимча изланиш талаб этилади», — деган Хэюан шаҳридаги Динозавр музейининг илмий бўлим бошлиғи Хуан Чжицин
Унинг таъкидлашича, яқин атрофда бошқа қимматбаҳо топилмалар бўлиши мумкинлиги сабабли палеонтологлар яқин кунларда қазиш ишларини олиб боради ва бу жойни синчковлик билан ўрганади.
Изоҳ (0)