Қўқон шаҳрида ўрнатилаётган ўзбек ва инглиз тилидаги белгилар Халқаро ҳунармандчилик фестивали доирасида ва ундан кейин ҳам келадиган сайёҳларга қулай шарт-шароитлар яратиш ва шаҳар тарихий обидаларига сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришга хизмат қилади. Бу ҳақда «Халқ сўзи Online» хабар қилади.
Кўчаларда жойлашган туристик ва муҳим инфраструктура объектлари хусусида маълумот берувчи бундай белгилар асосан туризм шаҳарларига хос. Туризмни ривожлантиришдаги асосий вазифалардан бири бу – сайёҳларга туризм объектларининг жойлашуви ва уларга олиб борувчи маршрутлар хусусида аниқ маълумот етказишдир.
Фестивалга қадар 200 дан ортиқ туризм навигацияси белгилари Қўқон шаҳрининг Истиқлол , Чархий, Турон кўчалари, Озодлик, Ўрда хиёбонлари каби барча кўча ва маҳаллаларига ўрнатилиши кўзда тутилган.
Хусусан, марказий бозор ҳудудидаги савдо дўконлари эгалари билан фестивалнинг моҳияти, унга келадиган меҳмонларни муносиб кутиб олиш мақсадида биноларни чиройли кўринишга келтириш, таъмирлашда шаҳарсозлик нормаларига риоя қилиш, туризм шаҳарларига мос бўлган травертин каби табиий қурилиш материалларидан фойдаланиш юзасидан шаҳар ҳокимлиги ва бозор маъмурияти вакиллари тушунтириш ишлари олиб бормоқда.
Ҳозирда бозорнинг марказий дарвозаси миллий услубда таъмирланяпти. Нон маҳсулотлари миллий растасининг томидаги металл қопламалар янгидан бўяляпти. Нон растасида савдо қиладиганларнинг барчаси миллий матолардан тикилган кийимларда, санитария қоидаларига амал қилган ҳолда савдо қилмоқда.
Бозорнинг барча санитария тизимларининг фасад ва ички қисмлари таъмирланиб, янги сантехника ўрнатилмоқда. Бозор расталари ёнида эски ичимлик суви фавворачалари ўрнига янгилари барпо этилиб, миллий услубда безатилмоқда.
Изоҳ (0)