Ўзбекистонда ёши 100 дан ошган дарахтларни аниқлаш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича инвентаризация ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вакилларининг журналистлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов.

Ўлмас Собиров
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси инспекция бошлиғи
Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Давлат қўмитаси инспекция бошлиғи Ўлмас Собировнинг сўзларига кўра, инвентаризация ишлари бутун мамлакат бўйича, ҳукуматнинг 2019 йил январидаги қарори билан тасдиқланган низом асосида олиб борилмоқда.

«Дарахтларни инвентаризациядан ўтказиш ҳар беш йилда бир марта ўтказилади. Биринчи марта ўтказилаётган хатловда ҳозирга қадар ёши 100 дан ошган 1014 дона дарахт аниқланди. Хатлов ҳали охирига етгани йўқ. Шунинг учун бизда аниқ рақамлар мавжуд эмас», — деди Ўлмас Собиров.

Унинг қўшимча қилишича, ёши 100 дан ошган дарахтларни алоҳида белги билан ажратиб, муҳофазага олиш режалаштирилган. Очиқ мулоқотда инвентаризация ишлари якунига етганидан сўнг, унинг натижалари ҳақида қўшимча ахборот берилиши таъкидланди.