Uzanalytics профессор Стефан Ҳедлунднинг Марказий Осиё давлатлари ҳақидаги «Марказий Осиёда ҳокимият ўзгариши» номли таҳлилий мақоласини чоп этди. Мақола Geopolitical Intelligence Services’да чоп этилган бўлиб, унда Марказий Осиёда рўй бераётган воқеалар, юзага келган муаммолар ва ўзгаришлар баён этилган. Қуйида мақола тўлиғича ҳавола этилди.
Яқинда рўй берган воқеалар минтақага нисбатан суст ҳудуд деган қарашни қайта кўриб чиқишни тақозо қилмоқда. Таҳлилчилар Хитой билан Россиянинг ушбу минтақага оид ўзаро зид режалари ҳақида ўзбилармонлик қилаётган пайтда маҳаллий етакчилар жуғрофий-сиёсий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган автономия сари қадамлар қўймоқда. Бунинг учун улкан дов тикилмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ва Осиё тараққиёт банки яқинда ўтказган қўшма тадқиқотда минтақада самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш Марказий Осиё ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) икки баробар ошишига сабаб бўлиши мумкин, деган хулосага келинди. Яқинда минтақа раҳбарлари саммитлари Россия иштирокисиз бўлиб ўтди, унда маҳаллий раҳбарларнинг бошқарувни қўлига олиб, муаммоларни ўзи ҳал қилишга интилиши намоён бўлди. Пекин билан Москва ушбу мамлакатларнинг ўз имкониятларини Европа ва АҚШ билан қайта бирлашиш орқали кенгайтиришдай интилишларини хуш кўрмасликда якдилдир.
Совет Иттифоқи мероси
Ташқи кучлар ҳамон минтақадаги воқеаларни шакллантиришда муҳим рол ўйнаётгани сир эмас. Воқеалар қай йўсинда ривожланиши мумкинлигини теран тушуниб олиш жараёнларнинг минтақадаги иштирокчилари ўзаро алоқаларни кучайтиришга қаратилган стратегияларни қандай ишлаб чиқаётганига кўпроқ эътибор қаратишни талаб этади. Улар Россия ҳукмронлигининг парчалашга йўналтирилган тарихий меросини енгиб ўтиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда, бу кўпинча ҳамкорликка тўсқинлик қилмоқда. Энг кечиктириб бўлмайдиган масалалар чегаралар билан боғлиқ.
Сталин атай шунча можароларга сабаб бўлган адоват уруғини сепиб кетган эди
Минтақанинг миллий таркиби мўғиллар Олтин Ўрдасининг кўчманчи туркий халқлар билан қоришиб кетган қабила тузилмасига бориб тақалади. Россия империяси минтақага қадар кенгайиб келганида, бу ер унда яшайдиган форс-тожикларни менсимай, «Туркистон» деб атала бошланди. Иосиф Сталин кейинчалик минтақани бешта совет республикасига бўлиб юбораётиб, атайлаб адоват уруғини сепган эди, оқибатда сўнгги ўн йилликларда бу ерда жуда кўп можаролар юз берди. Кўҳна форс маданиятининг Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари форсий Тожикистон ССРга эмас, туркий Ўзбекистон ССР таркибига қўшиб берилди. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ССР ўртасидаги чегаралар мураккаб илонизи қилиб чизилди ва бу ҳол маҳаллий чегара можароларини атай кўпайтириб юборди; қўшни республикаларда улкан этник эксклавлар ҳосил қилинди. Ушбу чигал масалалар тинч йўл билан ҳал этилган тақдирда ҳам, минтақа автономия, барқарорлик ва потенциал фаровонлик сари узоқ йўлни босиб ўтиши керак бўлади.
Яна бир муаммо — сув тақсимоти масаласидир. Минтақага сув оқими Помир (ва Тяншан-Тангритоғ таржимон изоҳи.) тоғларидан бошланадиган икки дарё: Амударё ва Сирдарёдан келади. Советлар даврида ўша сув, асосан, Ўзбекистондаги улкан пахта плантацияларини суғориш учун ишлатилган эди. Суғоришдан бебилиска фойдаланилиши оқибатида бир замонлар дунёдаги тўртинчи катта кўл бўлган Орол денгизи ХХ асрнинг 60 йилларидаги сувининг 90 фоизини йўқотиши оқибатида маҳаллий балиқчилик хўжаликлари йўқ бўлиб кетди.
Тожикистонда Нурек ГЭС учун 300 метр баландликдаги тўғон қурилиши муаммони янада чигаллаштирди. 1980 йили қуриб битказилган ГЭС дунёдаги энг баланд тўғонга эга бўлди. У 2700 мегаватт электр қуввати ишлаб чиқариш ва 650 минг гектар ерни суғоришга мўлжалланган эди. Тожикистон яқинда Нурекка яқин жойдаги Роғун шаҳри биқинида иккинчи тўғон қурилишини бошлади. 335 метрлик тўғон дунё тўғонларининг энг баланди бўлади. Оқимнинг қуйи қисмида жойлашган қўшни мамлакатлар ўзининг пахта етиштиришига путур етишидан чўчимоқда. Шу боис минтақада ўзаро ишончни орттириш эҳтиёжи вужудга келмоқда.
Учинчи муаммо — рус тилидан истисноли тарзда фойдаланиш ва Россиядаги таълим муассасалари билан қалин алоқаларга сабаб бўлаётган руслаштириш билан боғлиқ. Ушбу мерос Россияга ташқи кучларга нисбатан анча-мунча устунлик беради. Яқиндаги пантуркизмнинг кучайиб бораётган таъсири билан бир қаторда кирилл алифбосидан воз кечиш ва рус тилининг аҳамиятини камайтиришга бўлган уринишлар минтақа аҳолисининг ўзига бўлган муносабатини ўзгартириб юбормоқда. Минтақадаги янги ўзлик — идентитетларнинг пайдо бўлиши ушбу мамлакатларнинг автономиясини мустаҳкамлаш сари улкан бир қадам бўлиши мумкин.
Ўзбеклар билан қозоқларнинг қайта иноқлашуви
Бугун чиндан ҳам самарали, натижа берадиган минтақавий ҳамкорликка эришиш мумкинми, деган савол асосий масала бўлиб турибди. Вазият жиддий жуғрофий-сиёсий оқибатларга олиб келиши мумкин: бунга «Бир макон — бир йўл» ташаббуси ва Россияга хавфсизликни таъминлаб берувчи кучлар сифатидаги қизиқишнинг йўқолишидан бошлаб, Европа билан АҚШнинг минтақа бозори ривожланиши борасидаги роли кучайишигача кириши мумкин. Минтақа ҳамкорлиги борасида муваффақиятга эришиш бешта мамлакат етакчилари, айниқса, Ўзбекистон билан Қозоғистон раҳбарлари ўртасида ўзаро ишончни қарор топтиришга боғлиқ.
Ўттиз йилча ҳокимиятни эгаллаб турган Ўзбекистоннинг қаттиққўл президенти Ислом Каримовнинг ўлими (2016 йил) айни дамда амалга оширилаётган ўзгаришларга туртки берди. Совет Иттифоқи даврида Тошкент минтақадаги энг йирик таъсир кучига эга шаҳар, Ўзбекистон эса Марказий Осиёнинг етакчи мамлакати ҳисобланар эди. Аммо мустақиллик эълон қилингандан сўнг президент Каримов беқарор бошқарув усулини жорий қилди ҳамда бу ҳол изоляция ва таъсир кучининг йўқолишига сабаб бўлди.
Асосий савол: Минтақада самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мумкинми?
Оқибатда минтақадаги етакчилик роли Қозоғистон ва унинг узоқ муддат раҳбарлик қилган президенти Нурсултон Назарбоевга ўтиб кетди. Топилган улкан нефть захиралари сабаб нефть ва газ капиталига суянган Назарбоев АҚШ билан яхши, Россия билан жуда яхши муносабат ўрнатди. Қозоғистон Божхона иттифоқи асосчиларидан бири эди, кейинчалик у Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилди. Москва билан Остона (яқинда Нурсултон деб қайта номланди) ўртасидаги шериклик Евроосиё сиёсатининг асосий омилига айланди.
Каримов ўлимидан олдин узоқ вақт унга ворислик учун кураш жуда кескин тус олади, Ўзбекистон ислом ҳаракати (ЎИҲ) сингари жиҳодчи жангари кучлар ҳокимиятни эгаллаши мумкин, қабилидаги ҳар хил гап-сўзлар кенг тарқалган эди. Сиёсий элитанинг ҳокимиятни бошқа қўлга ўтишида тартибни таъминлай олгани ташқи кузатувчиларни лол қолдирди. Янги президент Шавкат Мирзиёев ички ислоҳотлар ўтказиш учун кенг қамровли дастурни ўртага ташлади — бу иқтисодиёт соҳасидаги кузатувчиларнинг эътирофига сазовор бўлди. У яна қўшни мамлакатлар билан муносабатларни яхшилаш учун муваффақиятли ташқи сиёсат ҳам юрита бошлади.
Президент Мирзиёевнинг 2017 ва 2018 йилларда мос равишда Тожикистон ва Қирғизистонга буюрган давлат ташрифлари Ўзбекистоннинг 90 йилларда ушбу мамлакатларда рўй берган фуқаролик урушларига аралашуви билан боғлиқ гина-кудуратни ўртадан кўтарди. Бунга жавобан, унинг маъмурияти жангари исломчиларга бошпана бераётган мамлакатлар устидан шикоят қилишга барҳам берди ҳамда Ўзбекистон ислом ҳаракати жангариларининг анча олдинги ҳужумларига жавобан чегарага ўрнатилган ер усти миналарини олиб ташлай бошлади. Ўзбекистон ҳукумати Роғун тўғони қурилиши бундан буён Тожикистон билан муносабатларда муаммо бўлмаслигини эълон қилди ҳамда Қирғизистон билан ўртадаги чегаранинг 85 фоизини демаркация қилиш учун битим имзолади. Виза режимини юмшатиш бўйича битимлар савдо-сотиқ кенгайишига олиб келди.
Гарчи кичик қўшнилар билан яхши муносабатлар ўрнатиш муҳим аҳамиятга эга бўлса-да, Қозоғистон билан муносабатни тузатиш Мирзиёев учун ҳақиқий мукофот бўлди. 33 миллионлик аҳолиси Қоғозистоннинг 18 миллионлик аҳолисига солиштирилганда, Ўзбекистон минтақанинг энг кўп нуфузга эга мамлакати саналади. Боз устига, у энг катта хавфсизлик кучларига ҳам эга. Шунга қарамасдан, узоқ вақт ташқи дунёдан узилиб қолгани учун иқтисодий истолоҳотларни амалга оширишда инсон капиталига ёлчимаяпти. Бешта мамлакат ичида энг бойи бўлган Қозоғистон минтақада етакчиликка эришиш учун ноу-ҳауга ҳам, иқтисодий имкониятларга ҳам, Ўзбекистоннинг жадал ривожланишига кўмаклашиш имкониятига ҳам эга.
Асосий муаммо Ўзбекистоннинг тикланиши билан келиша олишдадир. Ҳозирча ҳаммаси кўнгилдагидек. Ўзаро маданий ва гуманитар алоқалар ривожланмоқда; 2018 йили Қозоғистонда Ўзбекистон йили бўлди, 2019 йили эса Ўзбекистон Қозоғистон йили ўтказилмоқда. Энг муҳими, 2018 йилда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги савдо айланмаси 47 фоиз ўсиб, 3 миллиард АҚШ долларига етди.
Бунга энергетика соҳасидаги ҳамкорликни мисол қилиб келтириш мумкин. Ўзбекистон 90 йилларда улкан нефть конлари топилгани натижасида йилига 11 миллион тоннагача нефтни қайта ишлайдиган заводлар қурди. Ўша нефть қудуқлари қуриб қолгани сабабли зикр этилган қайта ишлаш заводлари бугунга келиб ярим қувват билан ишламоқда. Россия унга нефть етказиб бера бошлади, Қозоғистон ҳам шунга тайёр турибди. Қозоғистон ҳукумати 2018 йилда Ўзбекистонга 260 000 тоннага яқин нефть етказиб берган эди, энди эса қўшнисига 2 миллион тонна жўнатишга ҳозир эканини билдирди. Ушбу рақам пировардида 5 миллион тоннага етади. Бунинг учун Омск — Павлодар — Чимкент нефть қувурини Ўзбекистонга қадар чўзиш талаб этилади.
Иқтисодий ҳамкорликдан бошқа соҳаларга назар ташлайдиган бўлсак, ўзгаришларнинг энг муҳим хусусияти сифатида минтақа мамлакатлари раҳбарларининг Россия иштирокисиз бўлиб ўтган саммитлари кўзга ташланади. 2018 йил мартида президент Назарбоев минтақадаги беш мамлакатнинг тўрт раҳбарини ўз юртига меҳмонга чорлади ҳамда томонлар савдо-сотиқни ривожлантириш ва сув ресурсларини тақсимлаш масалаларини муҳокама қилди. У айни ташаббусни президент Мирзиёев кўрсатганини, ўзаро муносабатларда янги муҳит юзага келаётганини, кейинги йиллик учрашувларда умумий муаммоларни «ташқи ўргатувчилар»сиз ҳал этиш масалалари муҳокама қилинишини кутаётганини таъкидлади. Гарчи Туркманистон президентлар даражасидаги учрашувда қатнашмаган бўлса-да, 2018 йил августида беш етакчининг барчаси Орол денгизи муаммосини муҳокама қилиш айнан Туркманистонда учрашди.
Ғарб мамлакатлари билан ҳамкорлик
Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик борасида вужудга келган янги муҳит сақланиб қолса, минтақа ялпи ички маҳсулотининг икки баробар ошиш эҳтимоли Европа билан АҚШни ҳамкорликни тиклашга ундаши мумкин. Ўзбекистон билан Қозоғистон тандеми шунга эришиш учун дипломатия саъй-ҳаракатларини аямаяпти. Президент Назарбоев 2018 йил январида Вашингтонга сафар қилди, Мирзиёев эса унинг ортидан май ойида ўша ёққа борди. Муносабатларни тиклашнинг бизнес ва инвестицияларга асосланган кун тартиби инсон ҳуқуқи ҳимояси ва демократик бошқарув масалаларини ҳам қамраб олади – у муваффақият қозониши ҳам мумкин. АҚШ билан Европа Иттифоқи раҳбарлари ушбу саъй-ҳаракатларга ижобий жавоб қайтарди.
Ўзгаришларнинг энг муҳим хусусияти минтақадаги саммитларнинг Россия иштирокисиз ўтаётгани бўлди
Назарбоевнинг Вашингтонга сафаридан сўнг Давлат департаменти Қозоғистон билан «Кенгайтирилган стратегик шериклик» мулоқоти режасини эълон қилди. Унинг мақсади «сиёсий ва хавфсизлик масалалари, савдо-сотиқ ва инвестиция бўйича ҳамкорликни кучайтириш»дан иборат. Европа Иттифоқининг махсус вакили Питер Буриан жорий йил январида Тошкентга қилган сафари чоғида ЕИ янги минтақавий сиёсатини олқишлаётганини ҳамда техник ёрдам, грантлар ва бошқа воситалар орқали кўмакнинг барча турларини кўрсатишга тайёр эканини билдирди. ЕИнинг Марказий Осиё билан ҳамкорлиги янги стратегияси Ўзбекистоннинг минтақа интеграциясидаги етакчи ролини акс эттиради.
Ушбу ташаббусларга жиддий қаралаётгани сабабларидан бири «Бир макон — бир йўл» ташаббуси ўз жозибасини йўқотаётгани билан боғлиқ. Ташаббуснинг айрим инфратузилма лойиҳаларига оид қурилиш ишлари сифати етарли даражада бўлмаётган кўринади. Инвестициялар қисқармоқда ҳамда расмий Пекиннинг кредит беришдаги талончилик амалиёти сабаб хавотирлар ортиб бормоқда. Шинжонда мусулмон уйғурлар баробарида этник қозоқ ва қирғизлар ҳам таъқиб қилина бошлагач, Хитой таъсирига қарши ғазаб кучайиб кетди.
Боз устига, яқинда Ўзбекистонга киритилаётган инвестициялар миқдори ортиб кетган бўлса-да, Россиянинг Марказий Осиёдаги таъсири заифлашмоқда. Рус тилининг қўлланиши қисқармоқда. Уйғурларнинг таъқиб қилинишига қарши чиққан Туркия президенти Режеп Таййиб Эрдўғон ўзининг пантуркизм сиёсатини юргизиш учун кўпроқ имкониятлар яратди. Афғонистондан исломчи жангариларнинг бостириб кириш таҳдидини пеш қилавериш ҳам эндиликда Россия қурол-яроғини сотиб олишга бўлган қизиқишни олдингидай сақлаб тура олмаяпти.
Эски гумонлар
Шунга қарамасдан, минтақадаги ўзгаришлар билан боғлиқ умидларни чиппакка чиқариши мумкин бўлган бир неча сабаб мавжуд. Шулардан бири АҚШ билан Европа компанияларининг муносабатларни тиклашдан чиндан ҳам манфаатдор ёки манфаатдор эмаслиги билан боғлиқ. Гарчи АҚШ ҳарбийларининг Ўзбекистон билан ҳамкорлик зарур эканига ишончи комил бўлса-да, хусусий тадбиркорлар инсон ҳуқуқининг бузилиш ҳоллари ижтимоий муносабатларга таъсир этаётганидан хавотирга тушмоқда. Россия компаниялари билан ишлаётган шериклар билан ҳамкорлик қилиш санкцияларга сабаб бўлишидай хавфдан чўчиш ҳам бор гап.
Бешта мамлакат иқтисодий ҳамкорлик тикланишидан фойда олиш учун чиндан ҳам жипслаша оладими, деган яна бир ҳақли савол туғилади. Ўзбекистон жиддий муваффақиятларга эришган бўлса-да, Туркманистон бунинг учун бетарафликдан чиқиши керак бўлади, қолаверса, Қозоғистон билан Қирғизистон ўртасидаги муносабатларда ҳам муаммолар талайгина.
Қирғизистон 2017 йилги президент сайловидан бир оз олдин Остонани ички ишларига «аралашганлик»да айблаган эди
Қирғизистон 2017 йилги президент сайловидан бир оз олдин Остонани ички ишларига «аралашганлик»да айблаган эди. Лавозимини топшираётган президент Алмазбек Атамбаев Назарбоевга ташланиб қолди ва унинг режими Қирғизистон бойликларини «ўзиники қилиб олаётгани»ни иддао қилди. У Қозоғистондан Евроосиё иқтисодий иттифоқи стандартларига мослашиш учун ажратилиши керак бўлган 100 миллион АҚШ долларлик қарз олиш тўғрисидаги битимни бекор қилди.
Остона бунга жавобан чегарада текширувларни жорий қилди, оқибатда бу Қозоғистонга кирмоқчи бўлаётган кишилар ва транспорт воситаларининг чегарада соатлаб ушланиб қолишига сабаб бўлди. Қозоқ расмийлари Қирғизистонни миллиардлаб долларлик контрабанда тармоғини кўриб, кўрмасликка олаётганликда айблади. Гарчи президент Назарбоев янги президент Сооронбай Жеенбековга нисбатан муроса йўлини танлаган бўлса-да, муаммолар тўлиқ бартараф этилмади. 2019 йил апрелида юк машиналари яна чегарада туриб қолди.
Минтақа давлатларининг шаклланиши ҳам чегаралар билан боғлиқ мураккаб масалаларни ҳал этишни тақозо қилади. Ўзбекистон билан Қирғизистон ушбу масалада анча-мунча олға силжишга эришди ҳамда бир пайтлар маҳаллий аҳоли билан чегарачилар ўртасидаги тўқнашувларга сабаб бўлган ва узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган камсонли элатлар билан боғлиқ таранг вазиятни юмшатди. Кейинчалик ҳудудларни алмашишдан тортиб, бемалол ўтиб-қайтиш учун коридор очиб беришгача бўлган масалаларни қамраб олиши тахмин қилинаётган чегара демаркацияси бўйича музокаралар давом этмоқда. Бироқ ҳали чегаранинг қолган 15 фоизини белгилаб олиш керак, шу сабаб ўртада яширин адоват юзага чиқиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Минтақадаги иқтисодий ривожланишга шаҳар билан қишлоқ орасидаги тафовутнинг катталиги ва ижтимоий таъминот тармоғининг бутунлай ишдан чиққани ҳам таҳдид солади. Қашшоқликнинг ортиб кетиши сабабли ҳукуматлар меҳнат мигрантлари жўнатаётган пул кўчирмаларига боғлиқ бўлиб қолади. Яна бир томони, ҳукуматлар мигрантларнинг чет элларда радикаллашуви минтақа хавфсизлигига таҳдидларнинг кучайишига дуч келмоқда. Бу эса минтақа хавфсизлигини таъминлашдаги куч сифатида Россияга қўл келади.
Гарчи ушбу мулоҳазалар минтақа ялпи ички маҳсулотининг икки баробар ортиши, ЕИ билан АҚШнинг бу ердаги қайта фаоллашиши билан боғлиқ кутилмаларни жиловлаш ҳақида ўйлаб кўришга мажбур этади. Бироқ Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги қалин муносабатлар савдо-сотиқ ва хавфсизлик масалаларига таъсир ўтказиши, минтақа мамлакатларининг келгусида Пекин билан Москвага бу ерда истаган ишини қилишига кўпроқ қаршилик кўрсатиши Марказий Осиё ўзгараётганини тахмин қилиш учун етарли исботлар борлиги ҳақида гапиришга асос беради.
Изоҳ (0)