АҚШдаги Гарвард тиббиёт олийгоҳи жаҳондаги энг яхши университетлардан бири ҳисобланади. У ерда ўқиш учун ҳар йили минглаб ёшлар ҳужжат топширади. «Дарё» Гарвардда таҳсил олаётган Жамшид Жамбулов билан боғланиб, олийгоҳда ўқиш, Бостондаги ҳаёт тарзи ва олган таассуротлари ҳақида суҳбатлашди.

Жамшид Жамбулов 1992 йилда Қашқадарё вилояти Қамаши туманида туғилган. Айни пайтда Гарвард тиббиёт олийгоҳининг илмий тадқиқотчиси ҳамда «Буюк Келажак» халқаро ташкилоти эксперти.

Фото: Facebook / @Jamshid Жамбулов

Ҳаммаси яхшиликка!

Гарвардда ўқиш минглаб ёшларнинг орзуси. Шу қатори мени ҳам. Лекин олийгоҳга кириш, анча машаққатли эканини билардим. Аммо инсон чин юракдан интилса, ҳаракат қилса ҳаммасига эришиши мумкин экан. Бошида 40 та университетга ҳужжатларимни топширдим. Аммо бирин-кетин почтамдан ўқишдан «йиқилганим» ҳақидаги мактублар олавердим. 39 та рад жавобидан сўнг, мен узоқ кутган хат – Гарвардга ўқишга қабул қилинганлигим тўғрисида хабар келди.

2019 йил 1 февраль куни ҳаётимда янги саҳифа очилди. Катта мақсадларимдан бири ушалди. Яъни Гарвардда талаба бўлиш имкониятини қўлга киритдим. Шундай қилиб, илмий тадқиқот стипендияси асосида Бостон шаҳрига келдим.

Фото: Facebook / @Jamshid Жамбулов

Меҳрибон ўзбек оиласи ҳақида

Бостонга келишимдан олдин интернетда шу ерда яшайдиган бухоролик оила билан танишдим. Бу оила мени Бостонга учиб келганимда аэропортда кутиб олиб, янги шароитга тезроқ кўникиб кетишимда катта ёрдам берди. Мусофир юртларда миллийлигини, самимийлигини йўқотмаган ушбу оиладан жуда миннатдорман.

Гарварддаги пахта гулли пиёла

Бостон Американинг йирик шаҳарларидан бири. Бу ерда доимо одамлар хуш кайфиятда ишга, ўқишга шошади. Мен бу ҳолатни АҚШнинг шаҳарларида кўп кузатганман, лекин Бостонда бу муҳит умуман бошқа.

Хуллас, Гарвардга бордим. Очиғи, кўзларимга ишонмасдим. Сабаби, мен неча йиллар орзу қилган, фақат суратларда кўрган университет бугун кўз олдимда гавдаланар эди. Олийгоҳга кириб, профессоримга Ўзбекистондан олиб келган пахта гулли чойнак-пиёла, зар чопон ва адрасни совға қилдим. У бундан жуда ҳам хурсанд бўлиб, совғаларни хонасига безаб қўйди. Ана энди Гарвардда ҳам ўзимизнинг пахта гулли чойнак, пиёламиз бор.

Фото: Facebook / @Jamshid Жамбулов

«Ҳеч ким мукаммал эмас, ҳамма хато қилади»

Мен «Ҳужайра биологияси» бўлимининг лабораториясида бактериал протеинларнинг ҳужайра мембранаси орқали ўтиш механизми устида изланиш олиб бораман. Қиладиган ишимиз жуда ҳам қизиқ. Кўп билим, сабр, кўникма ва қатъиятлиликни талаб қилади. Менга масъул бўлган яна бир Гарвард тиббиёт олийгоҳи тадқиқотчиси Марко билмаганларимни доимо ўргатиб боради. Баъзида оддий саволларга жавоб топа олмасам, ўзимни «Қойил-эй, оддий нарсаниям билмадинг-а!» деб койийман.

Бироқ Марко жуда тушунган инсон. У: «Ҳеч ким мукаммал эмас, ҳамма хато қилади. Асосийси хатолардан тўғри хулоса чиқариб, уларни қайта такрорламаслик керак. Сен бу ерга илм олиш учун келгансан. Кел, сенга бу усул ёки бу жавоб нимага нотўғрилигини ўргатаман» деб вақтини аямай менга тўлиқ тушунтириб беради. Унинг устозларча меҳрибонлиги мени янада яхши ўқишимга туртки бўлади.

Фото: Facebook / @Jamshid Жамбулов

Ҳар лаҳзадан миннатдорман!

Умрим бу менинг ҳеч қачон қайтиб келмайдиган имкониятимдир. Уни ҳар бир лаҳзасини чиройли ва унумли ўтказишни хоҳлайман. Масалан, ҳар куни барвақтда уйғонаман. Ишга ҳам эрта келаман. Иш вақти тугагандан сўнг эса ўтириб, ўтган кунимни таҳлил қиламан, соҳамга доир китоблар ўқийман.

Гарварддан уйимгача 10 дақиқалик йўл. Ўқишга ҳар куни пиёда бориб келаман. Йўлда кетётиб, доим ўзимга ўзим бугун ажойиб кун бўлди: Эрта бундан ҳам зўр ўтади, чунки ўрганганларим сабаб менда янги ғоялар ва фикрлар пайдо бўлди. Мен бу билимларимдан фойдаланиб, соҳамда катта ўзгаришлар қиламан деб ўзимни руҳлантираман.

Фото: Facebook / @Jamshid Жамбулов

Гарвард касалхонаси Brigham and Women’s Hospital Гарвард тиббиёт олийгоҳи орқа томонида жойлашган. Ҳар куни шу касалхона ёнидан ўтаман.

 Бостон шукуҳи

Анча пайт Шимолий Каролина штатида юрак ва қон-томир касалликлари мутахассиси бўлиб ишлаганман. Тажриба ошириш учун зўр муҳит эди. Мен у ерда кўп нарсаларни ўргандим. Лекин иккисини таққослайдиган бўлсак, Бостон муҳити устунроқ келади.

Авваллари касалхонада ишлаганимда, тушлик вақтида аксарият ҳамкасбларим қўлидаги телефонга маҳлиё бўлиб, бир-бирлари билан кам суҳбатлашар эди. Афсуски, мен ҳам тез орада бу «касаллик»ни юқтириб олдим. Бу ерда ҳам ҳамкасблар билан тушликка чиқибоқ, телефонимни олиб текшира бошлардим. Лекин улар ўртасидаги суҳбат мени қизиқтириб қўярди, «Том эшитдингми, Серона бир мақола чиқарибди. Протеинларни DDM билан ўраб, SP6 бўлимида полимерайз билан… Бироқ биласанми, мана бу қисмига шубҳам бор…». Суҳбат қизишиб кетарди. Иккинчи куни яна телефонимни ушласам, (мени виртуал дунёдан чалғитиш учун бўлса керак) яна шундай илмий суҳбат, баҳс бошланарди. Учинчи куни тушлик хонасига кирсам, бир ҳамкасбим «Ҳужайра биологияси» журналини ўқиб ўтирарди.

Тушундимки, бу ерга ҳамма илм ўрганиш учун аниқ мақсадлар билан келади. Кераксиз нарсаларга ортиқча вақт сарфламайди. Фақат фойдали иш билан шуғулланишга ҳаракат қилади. Албатта, улар ҳам ижтимоий тармоқлардан фойдаланади, фақат ўз меъёрида. Бу ҳолат менга катта дарс бўлди. Ҳамда тезда улардан ушбу одатини ҳам ўзлаштириб олдим.

Фото: Facebook / @Jamshid Жамбулов

Ҳеч қачон ортга чекинма

Бостонда ёлғиз яшаётганим сабабли, дам олиш кунлари ҳам лабораторияда бўламан. Бошида бир ўзим бўлсам керак, дам олиш кунлари ишга ким ҳам келарди деб ўйлардим. Лекин 70% бостонликлар ҳафта охири бўлишига қарамасдан ишга келаверади. Мен рости ҳайратда қолдим. Чунки бошқа жойларда ишлаганимда, шанба ва якшанба кунлари деярли ҳеч ким ишга келмасди. Барчаси уйда ўтириб дам олади. Албатта, бу ерда ўқиб, ишлайдиганлар ҳам ҳордиқ чиқаришни истайди, лекин илмий изланиш қилаётган одамни иши ҳар доим ҳам ўнгидан келавермайди. Шу боис, тадқиқотчилар ярим тундан ўтиб кетсада ишларини тугатмасдан, уйларига қайтмас экан. Энг қизиғи, эртасига яна барвақт ишда ҳозир-у нозир бўлади. Ҳеч ким уларни ишингни мана шу куни, ёки мана шу соатда тугатасан деб босим қўймайди, балки ўзлари хоҳлаб қилади. Уларнинг қатъияти мени яна ҳам кўпроқ изланиб, ўз устимда ишлашга ундайди.

Фото: Facebook / @Jamshid Жамбулов

Талабалар қандай дам олишади?

Мен яшаётган жойда чет элдан келган талабалар жуда кўп. Улар ҳафта давомида қаттиқ ўқиб, ишлайдилар, лекин жума ва шанба куни кечқурунлари базмлар уюштиради. Кўчалар одамларга тўлиб кетади. Кафе, ресторан ва барлар ҳар қачонгидан ҳам банд бўлади. Кечадаги баланд мусиқа ва рақс алламаҳалгача давом этади.

Менинг оилам

Мен Массачусетц технологиялар институтида (MIT) илмий изланиш олиб бораётган ва Гарвард касалхоналарида олий тоифали шифокор бўлиш учун ординатура қилаётган талабалар билан бирга тураман. Албатта, ҳаммамиз эрта кетиб, кеч қайтамиз, лекин вақтимиз бўлганда қизиқ суҳбатлар қиламиз. Бирга таомлар тайёрлаймиз ва тажрибаларимиз билан ўртоқлашамиз. Тажрибали инсонлар даврасида бўлиш, мени олдимга қўйган режаларим сари яхшироқ ҳаракат қилишимга куч бағишлайди.

Фото: Facebook / @Jamshid Жамбулов

Абитуриентларга маслаҳат

Ҳамманинг ҳам ҳаётида оғир кунлар бўлади. Менда ҳам кўп қийинчиликлар бўлган. «Ўқиб нима бўларди, ана дипломи чанг босиб ётибди», деган гапларни эшитганман. Кези келганда, ўқиш қийинлигидан ташлаб кетиш ҳам хаёлимдан ўтган. Лекин бошқаларнинг негатив гап-сўзларига, машаққатларга қарамай, олдимга қўйган мақсадларим томон ҳаракат қилаверганман. Яратганга шукур қилган меҳнатларим бесамар кетмади.

Аввало, сиз ҳам яхши ўқишга ҳаракат қилинг. Чунки билим одамни кўкка кўтаради. Яхши инсонлар даврасида бўласиз. Сиз фақат суратларда кўрган жойлар реалликка айланади. Орзулар, албатта, амалга ошади, фақат изчиллик, истак, сабр ва ҳаракат бўлса бас. Илм ўрганиш игна билан қудуқ қазишга тенг. Сиз бу йўлда қанча машаққатларга, қийинчликларга дуч келасиз. Бироқ шуни унутмангки, инсон ўзи ўйлаганидан-да кучлироқдир. Сиз исталган чўққисини забт этишишингиз мумкин. Фақат ўзингизга ишонинг, синовлар олдида чекинманг. Борига шукр қилиб, холис ният билан ҳаракат қилаверинг. Бор эътиборингиз мақсадингизда бўлсин. Умид қиламанки, сиз ҳам бир кун Гарвард, MIT, Станфорд ёки бошқа нуфузли олийгоҳнинг талабаси бўласиз.

Фото: Facebook / @Jamshid Жамбулов

Ота-оналарга маслаҳат

Инглиз тилини ўрганиб юрган пайтларим, оиламизда кўп иқтисодий қийинчиликлар бўлган. Яъни қўшимча дарсларга бориш учун уйдагилар пул етказиб беролмай қолган. Лекин онам «мен бу тақинчоқларни тақиб юрганимдан кўра, сотиб рўзғорга ишлатамиз, ўқишингга берамиз. Бизлар тузук ўқий олмадик, аммо мени болаларим яхши ўқиши керак» деб тақинчоқларини сотган. Хуллас, ота-онам бор пулларини мени ўқитиш учун сарфлаган. Яратганга шукур, у кунлар ҳам ортда қолди. Ота-онамнинг дуолари, ёрдамлари билан мен шу даражага етдим.

Фото: Facebook / @Jamshid Жамбулов

Айтмоқчи бўлганим, фарзандларингиз сизнинг борлиғингиз, эртанги кунингиз! Уларга кичиклигидан эътибор беринг, бирга ишланг, ўргатинг, саёҳат қилдиринг. Ҳеч қачон меҳрингизни, эътиборингизни аяманг. Илмли бўлиши учун қанча вақт ва маблағ бўлса сарфланг. Чунки энг яхши сармоя бу билимга сарфланган сармоядир! Вақт ўтиб, албатта, унинг роҳатини кўрасиз.