Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳромжон Норқобилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 25—31 май кунлари Парижда ўтказилаётган Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш ташкилотининг 87-Бош сессиясида иштирок этмоқда. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Францияда бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси Халқаро ташкилотнинг бош директори Моника Элуа, Sommet de L’Elevage халқаро чорвачилик саммити вакиллари, чорвачиликни ривожлантириш масалалари бўйича француз компаниялари ва бошқа кўплаб ташкилотлар билан музокаралар ўтказишни режалаштирган. Шунингдек, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон ветеринария хизматлари делегациялари билан тўрт томонлама учрашув, Европа минтақавий комиссияси йиғилишларида ва ОИЭ стандартларига мувофиқлик бўйича мажлисларида қатнашади.
Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасининг маълумотларига кўра, 87-Бош сессия доирасида «Ўзбекистон куни» ҳам нишонланиб, унда дунёнинг 181 мамлакатидан келган делегатлар иштирок этади.
Изоҳ (0)