13 май, душанба куни Тошкентда Ўзбекистон ва Туркманистон Миллий олимпия қўмиталари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.
Меморандумга асосан, томонлар ўртасида дўстона ва ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, кўпгина спорт турлари бўйича икки мамлакат терма жамоалари ўртасида қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш, ўзаро тажриба алмашиш, мураббийлар малакасини ошириш, ўртоқлик учрашувларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Маълумки, Туркманистон 2017 йили Жанг санъати ва ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларига мезбонлик қилган. Ушбу мамлакат йирик комплекс спорт мусобақасини ўтказиш борасида етарли тажрибага эга.
Ўзбекистон эса 2028 йили ёзги «Осиё болалари» ўйинлари ва 2030 йилги Осиё ўйинларини қабул қилиш учун ҳаракат қилмоқда. Шундай экан, бу борада Туркманистон Миллий олимпия қўмитасининг тажрибаси ўзаро ҳамкорликда асқатадиган муҳим жиҳатлардан ҳисобланади.
Мазкур меморандум Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ва Туркманистон МОҚ Бош котиби Азат Муратов томонидан имзоланди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)