Бугун, 9 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Central Аsiа – 2019»: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари» XIII Халқаро конференцияга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Матбуот ва ахборот агентлиги «Дарё»га хабар берди.
Анжуманда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбар ва мутахассислари, ҳамкор вазирлик ҳамда идоралар вакиллари, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этган.
«Бу йилги конференцияда 10 та хорижий давлатдан 26 нафар эксперт иштироки кутилмоқда. Маҳаллий мутахассислардан 80 дан зиёд мақолалар келиб тушди. Улар конференция дастури ва конференция тўпламидан ўрин олади. Конференция доирасида республикамизда ахборот-кутубхона муассасаларининг бугунги кундаги ҳолати, соҳада мавжуд долзарб муаммолар таҳлил қилиниб, тажрибалар тингланади, истиқболдаги режалар белгилаб олинади ва ҳамкорликда ишлаш механизми ишлаб чиқилади», – дейди Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабаева.
Халқаро конференцияда китоб ва китобхонлик, Миллий умумтаълим электрон кутубхонаси UzNEL дастурининг ишлаш жараёни, МДҲ ва хорижий давлатлар йирик кутубхоналари билан ҳамкорлик алоқаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Мазкур конференция Ўзбекистон Республикаси Президенти илгари сурган 5 муҳим ташаббуснинг тўртинчиси — аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш масаласига ҳамоҳанг. Анжуман фан, таълим, маданият ва бизнес соҳаларида электрон ахборот ресурсларни ривожлантириш ва қўллашда ахборот-кутубхона муассасалари, ўқув юртлари, архивлар, музейлар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда кутубхона ишининг муаммолари, уларнинг инновацион ривожланиш йўлларини излаш ва ҳал этишни мақсад қилган.
Қайд этилишича, конференциянинг ҳар йили турли вилоятларда ўтказилиши ўша ҳудуд ахборот-кутубхона соҳасининг жонланиши ва янада ривожланишига туртки беради. Шунингдек, ёш мутахассислар учун трамлин —анжуманда иштирок этиш мақсади уларни ўз устида ишлашга ундайди.
«Бу тадбир маслакдош дўстлар учрашуви, тажриба алмашиш, малака ошириш майдонидир. Бунда нафақат мутахассислар, балки бошқа соҳа вакиллари, ота-оналар учун ҳам кўп фойдали маълумотлар мавжуд. Чунки китоб ўқиш ва мутолаа маданияти уйда, таълим муассасаларида шакллантирилади. Кутубхона эса мутолаа учун барча шароитларни тақдим этади», — дейди Ўзбекистон Фанлар академияси фундаментал кутубхонаси директори Зуҳра Бердиева.
Эслатиб ўтамиз, «Central Аsiа – 2019: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари» XIII Халқаро конференцияси 24—26 апрель кунлари Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида ўтказилади.
Изоҳ (0)