Жорий йилнинг 25—28 март кунлари Ўзбекистон Мудофаа вазирининг ўринбосари – Қуролли Кучлар академияси бошлиғи генерал-майор Азизбек Икрамов бошчилигидаги ҳарбий делегация Беларусь Республикасининг Ҳарбий академиясида расмий ташриф билан бўлди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Икки мамлакат олий ҳарбий таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган мулоқот давомида, Ўзбекистон-Беларусь ҳарбий билим юртлари ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинган.
Учрашув якуни бўйича томонлар ўртасида профессор-ўқитувчи кадрларнинг малакасини ошириш, юқори малакали илмий ва илмий педагогик кадрларни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинган. Бундан ташқари, ҳарбий санъатнинг долзарб муаммолари бўйича ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва уларнинг натижалари бўйича ҳарбий-илмий (илмий-амалий) анжуманларни ташкиллаштириш бўйича баённома имзоланган.
Ташриф давомида Ўзбекистон ҳарбий делегацияси вакиллари Беларусь Ҳарбий академиясида ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, курсантларнинг сифатли таълим олиши, яшаши ва мазмунли ҳордиқ чиқариши, шунингдек, ҳарбий-илмий тадқиқотлар билан шуғулланиши учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишган.
Изоҳ (0)