Давлат хавфсизлик хизмати Бухоро вилояти бошқармаси томонидан маълум қилинишича, Бухорода «Трамадол» гиёҳвандлик таблеткаларини олиб киришга уринган шахс қўлга олинган.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилнинг 27 октябрида қабул қилган қарорига мувофиқ, «Трамадол», «Баклосан» каби бир нечта психофаол препаратлар гиёҳванд моддалар ҳамда психотроп воситалар рўйхатига киритилган. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ҳамда уларнинг ноқонуний кириб келиши юзасидан шу кунларда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати Бухоро вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида «Тошкент–Бухоро» йўналишида ўз шахсий автомашинасида ҳаракатланиб келаётган Лазиз Миржалолов (исми шарифи ўзгартирилган) бошқарувидаги Lacetti машинаси «Сармижон» назорат постида тўхтатилган. Автомашина кўздан кечирилганда, унинг орқа ўриндиқлари остида 2 дона қора целлофан пакетга ўралган 808 кассеттадаги жами сони 8080 дона бўлган «Трамадол» гиёҳвандлик таблеткалари борлиги аниқланган.
Маълум қилинишича, Лазиз Миржалолов бу гиёҳвандлик моддаларини ўзининг Тошкент шаҳри, Чилонзор туманидаги яқин жиноий алоқаларидан олган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Лазиз Миржалоловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу модда билан айбдор деб топилган шахс 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этилади.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)