Хорижий давлатларда амал қилиши учун берилган ҳужжатлар (апостиль)ни тасдиқлатиш учун фуқаролар Адлия вазирлигига, Тошкент шаҳрига келиши шарт эмас, дея хабар беради Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
Янги тартибга асосан бу талаб бекор қилиниб, фуқаролар ушбу ҳужжатларни тасдиқлатиш учун ўзларининг доимий яшаш жойларидаги туман (шаҳар) давлат хизматлари марказларига мурожаат қилади.
Марказ ходимлари томонидан электрон анкета тўлдирилиб, 10 дақиқа ичида тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоят ёки Тошкент шаҳар адлия бошқармасига юборилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, тегишли вилоят ёки Тошкент шаҳар адлия бошқармаси анкетани қабул қилиб олганидан сўнг 5 иш куни ичида ҳужжатни тасдиқлаш (апостиль қўйиш) бўйича қарор қабул қилади.
Ҳужжатлар тасдиқланган тақдирда дарҳол давлат хизматлари марказига етказилади.Давлат хизматлари маркази ҳужжат тасдиқланганлиги ҳақидаги хат тушгандан сўнг бир соат мобайнида ҳужжатини олиб кетиш учун ариза берувчини ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.
Қонунчиликка киритилган бу ўзгариш фуқароларда ҳужжатларни расмийлаштиришдаги ноқулайликлар, ортиқча маблағ ва вақт йўқотишнинг олдини олишга хизмат қилади.
Изоҳ (0)