Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва БМТ Тараққиёт Дастурининг «Самарали давлат бошқарувини ривожлантиришга кўмаклашиш ва рақамли трансформация» қўшма лойиҳаси ҳамда БМТнинг «Орол бўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол фожиасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароити салоҳиятини мустаҳкамлаш» қўшма дастури асосида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар ва Қўнғирот тумани Давлат хизматлари аҳолисига ташриф буюрувчи фуқаролар орасида Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари, уларни олиш тартиби, жараёни ҳақида сўров ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё»га Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Бугунги кунда Нукус шаҳар Давлат хизматлари маркази аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 100 га яқин давлат хизматлари кўрсатиб келмоқда. Марказга бир кунлик аҳоли оқими 800–900 кишини ташкил қилмоқда. Қўнғирот тумани Давлат хизматлари маркази орқали эса аҳолига 60 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Марказга бир кунлик аҳоли оқими 250–300 кишини ташкил қилмоқда.
Сўровда аниқланишича, 70 фоиз респондентнинг мурожаатлари кўриб чиқилиб, жойида амалий ёрдам берилган. 70 фоиз респондент марказ зарур ва замонавий техникалар билан таъминланганлигини, 25 фоизи кутиб ўтиришига қулай шароит яратиш зарурлигини билдирган. 70 фоиз респондент ходимларнинг билими, фуқаролар билан ўзаро муомала маданиятини яхши баҳолаб, ходимлар томонидан таъмагирлик ҳолатлари гувоҳи бўлмаганлигини билдиришган.
Сўровда иштирок этган 25 нафар респондентнинг 10 нафари 20 ёшгача бўлган эркаклар, 5 нафари 30 ёшдан ошган эркаклар, 10 нафари 30 ёшдан ошган аёлларни ташкил этди.
Буларнинг 10 нафари талаба, 5 нафари тадбиркор, 5 нафари ишсиз, 5 нафари давлат хизматчиси.
Респондентларнинг 21 нафари уларга керакли давлат хизматини олиш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиш кераклигини, таниш-билишлари орқали, 2 нафари бевосита хизмат кўрсатувчи идора вакилларидан, 1 нафари телевидение орқали, 1 нафари маҳалла фуқаролар йиғинидан билганлигини маълум қилди.
Изоҳ (0)