Покистон Ислом Республикасининг Исломобод, Пешовар, Карачи ва бошқа ҳудудларидан 45 нафардан ортиқ «Нақшбандия» тариқати вакиллари Сурхондарёнинг Термиз шаҳри, Термиз ва Шеробод туманларида бўлиб, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Меҳмонлар Термиз туманидаги Х асрда қурила бошлаган Султон Саодат мажмуаси ҳамда буюк аллома ал Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳида бўлишиб, бу ердаги тарихий ёдгорликлар ва музейлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, уламолар делегацияси Шеробод туманидаги улуғ муҳаддис Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий ансамблига ҳам ташриф буюрди.
«Бу зиёратларни кўпдан буён орзу қилардик. Нафақат биз, балки ота-боболаримиз ҳам Абу Исо ат-Термизий, Баҳовуддин Нақшбандий юртида бўлиб, қадамжоларини кўришни, зиёрат қилишни ният қилишганди. Бу мақсадларга биз етишганимиздан мамнунмиз», – дейди исломшунос олим, шайх Абдулҳалим Тишти.
Делегация таркибида оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам бўлиб, улар Ўзбекистондаги сафар жараёнидаги воқеликларни, ҳайратларини ўз нашрларида мунтазам ёритиб бормоқда.
Покистонлик меҳмонлар жорий йилнинг 17 октябрига қадар Ўзбекистонда бўлиб, Қашқадарё, Самарқанд ва Бухорога ҳам сафар қилиши белгиланган.
Изоҳ (0)