Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўтказган навбатдаги «Очиқ эшиклар куни»да тақдим этилган лойиҳаларнинг 35 фоизи жойида маъқулланди, қолган инвесторларга муқобил участка ва объектлар таклиф қилинадиган бўлди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Киритилаётган инвестициялар турар жойлар, ижтимоий ва ишлаб чиқариш объэктлари, савдо-кўнгилочар мажмуалар қуришга йўналтирилади. Умумий қиймати 591 миллион доллар (бундан 173 миллиони тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар) 62 лойиҳа тақдим этилди.
Муваффақиятли лойиҳалардан бири — SF Global компаниясининг Sky city («Самовий шаҳар») бинолар мажмуи. Лойиҳага киритиладиган сармояларнинг умумий миқдори 500 миллион доллар. Инвесторлар бу маблағнинг ярмини ободонлаштиришга йўналтиришга тайёр.
Кенг ер майдонида баландлиги 30-40 қаватли замонавий бинолар мажмуини қуриш режалаштирилмоқда. Улардан бири меҳмонхона, 5 таси офислар ва 6 таси турар жой бинолари бўлади.
Тадбир якунлари бўйича қурилиш ишларини 5 ойдан кейин — участка тўлиқ тасдиқланганидан кейин бошланишига қарор қилинди.
Изоҳ (0)