Марказий банк «виртуал карта», «антифрод», «кобейжинг картаси» ва «CVC-код» терминларини қонунчиликка киритади. Бу ҳақда банк карталарини чиқариш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритувчи ҳужжат лойиҳасида сўз юритилади, деб ёзади Spot.
Регулятор бир нечта янги терминларни қонунчиликка киритишни таклиф қилмоқда:
виртуал карта — жисмоний ташувчисиз махсус банк картаси, интернет тармоғидаги тўловлар учун мўлжалланган. Банк картасининг тўловни амалга ошириш учун зарур бўлган реквизит маълумотларидан иборат.
CVV (CVC) код — интернет тармоғида тўловларни амалга оширишда банк картасининг ҳақиқийлигини текшириш учун қўлланувчи махсус код;
антифрод тизими — банк карталари орқали тўловларни ўтказиш вақтида фирибгарлик операцияларини баҳолаш ва олдини олиш тизими.
Банк карталарини уч турга: тизимли, хусусий ва кобейжинг карталарига ажратиш кўзда тутилган.
«Кобейжинг банк карталари бир нечта тўлов тизимларида амал қилиб, уларнинг логотиплари карталарнинг юз томонида жойлашган», — аниқлик киритади Марказий банк.
Лойиҳада битта карта ҳисобига бир нечта қўшимча банк ва виртуал карталарини бириктириш тартибини тасдиқлаш таклиф этилмоқда.
2 августгача ҳужжат билан танишиш, ўз таклифларини киритиш ва изоҳлар қолдириш мумкин. Унинг кучга кириши режалаштирилаётган сана — 10 август.
Изоҳ (0)