1 январдан Ўзбекистонда янги импорт божхона божлари ставкалари кучга киради. Бу Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибига солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига иловада кўзда тутилган, деб ёзади Spot.
Янги ставкаларнинг амалдагилардан асосий фарқи шундаки, деярли барча позициялар бўйича ставкалар сезиларли равишда пасайган, аммо баъзи маҳсулотларга нисбатан алоҳида даражада пасайтирилган.
Масалан, ҳозир 100 йилдан қадимийроқ антиквариат, почта маркалари, асл нусхадаги ўйма нақшлар ёки бир оғизли қурол учун қийматининг 30 фоизига тенг бож тўлаш керак. 1 январдан ноль ставка бўлади. Ҳозир велосипедларга 20% ставка белгиланган, 1 январдан у ҳам ноль қийматда бўлади.
Шунингдек, видео намойиш қилиш ёки ёзиш учун мўлжалланган аппаратура (ҳозир 10—20% ставка), электр устара (10%), чангютгич (15%), совитгич ва музлатгичлар (30%), кондиционер (30%)га нисбатан ҳам 1 январдан ноль ставка белгиланади. Кир ювиш машиналари (20%) учун ставка 5 фоизга туширилади.
Бижутерия ва тангалар олиб кириш ҳам арзонлашади (ҳозир 30%, 1 январдан 20% ставка), шунингдек, деярли барча кийим-кечаклар учун ҳозирги 20—30 фоизлик ставка (донасига 1—4 доллардан кам эмас) 1 январдан 5—10 фоизгача тушади.
Фармацевтика моддалари сингдирилган ёки қопланган ва формаларга қадоқланган пахта, дока, бинт учун божлар ҳозирги 30 фоиздан 10 фоизгача пасайтирилади.
Изоҳ (0)