Сурия президенти Башар Асад RT телеканалига берган интервьюсида мамлакатнинг бутун ҳудудини, жумладан, айни вақтда асосий қисми турк қўшинлари назоратида бўлган Идлиб вилоятини ҳам ҳукумат кучлари тасарруфи остига ўтказишга ваъда берди, деб хабар қилади «Коммерсантъ».
«Биз доим Суриянинг барча туманларини озод қилишни истаганмиз. Шундай экан мамлакатнинг бирор-бир қисмини қасддан ҳукумат назорати остидан чиқариб юбориш ақлбовар қилмас иш. Барчаси кундек равшан. Идлиб 2015 йилда Туркиянинг қўллаб-қувватлови остида бўлган террорчилар, хусусан, ‘Жaбҳат ан-Нусра’ томонидан эгаллаб олинган», — дейди Асад.
Башар Асаднинг сўзларига қараганда, ҳукумат кучлари томонидан эгалланган ҳудудлардаги жангарилар мустақил равишда Идлибга кетиш қарорини қабул қилган ва бунда ҳукумат кучлари уларга халақит бермаган.
«Биз уларнинг барчасини бир ёки иккита туманга йиғишни режалаштиргандик. Ахир бир вақтнинг ўзида ўнта ёки юзта йўналишда жанг қилгандан кўра, бир ёки иккита туманда курашган осонроқ. Ҳарбий жиҳатдан бу самарали. Танловни улар амалга оширган, бироқ ҳарбий стратегия нуқтаи назаридан бу бизнинг ҳам фойдамиз учун эди», — дейди Сурия президенти.
Изоҳ (0)