Буюк Британияда CrossCountry Train поезди машинисти йўловчиларни янглишиб бошқа шаҳарга олиб борди. Бу ҳақда The Mirror’га таяниб, «РИА Новости» маълум қилди.
Поезд мамлакат шимолидаги Ньюкасл шаҳридан жанубдаги Реддингга бориши керак эди. Бироқ у Понтефрактга келиб қолган.
«Мен ҳозир Понтефракт яқинида, бу ерга янглишиб келиб қолган поезддаман. Машинист нотўғри йўлни танлагани сабабли шу ерга келиб қолдик. Бундай вазият бўлиши мумкинлигини ким ҳам хаёлига келтирибди?», — деб ёзган йўловчилардан бири Twitter’да. Унинг сўзларига қараганда, поездда яна юзга яқин йўловчи бўлган.
Поезд Донкастер йўлларидаги ҳалокат сабабли дастлабки йўналишини айланиб ўтиш учун бошқа йўлга ўтказилган. Бироқ шундан кейин номаълум сабабга кўра поезд жанубга эмас, ғарбга қараб кетган.
Поезд Понтефракт яқинида узоқ вақт туриб қолган, шундан сўнг шимол томонга юрган ва тўғри йўналишга қайтган. Бунга бир соатча вақт кетган. Йўловчилар Саут-Йоркшир графлигининг Шеффилд шаҳрида тушириб қолдирилганлар. Улар у ердан Бирмингемга кетадиган поездга чиққан. Бирмингемдан эса Рединггача борувчи поездга чиқиш мумкин.
Изоҳ (0)