Ўзбекистон Молия вазирлиги ва вазирлик ҳузуридаги ўқув маркази «Давлат хизматчисининг хизмат мажбуриятлари бажарилишининг самарадорлиги мезонлари, стандартлари ва унинг сифатини баҳолаш тизими: миллий ва хорижий тажриба» мавзусида республика илмий-амалий конференция ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Молия вазирининг биринчи ўринбосари А. Ҳайдаров давлат хизматчиси аҳоли учун хизмат қилиши ва ўз фаолияти давомида, энг аввало, ахлоқ нормаларига асосланиши, меҳнатсеварлик, берилган буйруқ ва кўрсатмаларни ўз вақтида бажариши, хушмуомалалик, топшириқларни чуқур мулоҳаза билан амалга ошириши, асосийси, фуқароларни тинглай олиш қобилиятга эга бўлиши лозимлигини таъкидлади.
«Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ишлаб чиқилган одоб-ахлоқ намунавий қоидалари бу борада муҳим дастуриламал бўлиши керак», — деди вазир ўринбосари.
Шунингдек, конференцияда давлат хизматчилари орасида коррупцияни келтириб чиқарадиган омилларга тўхталиб ўтилди. Аксарият ҳолларда коррупция деганда давлат хизматчилари томонидан шахсий манфаатларни кўзлаб, бойлик орттириш мақсадида халқдан пора олиш, қонунга хилоф пул даромадларини қўлга киритиш тушунилади.
Конференцияда кўрилган масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Бу ҳужжат жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Изоҳ (0)