Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Бугун, 26 апрель Ўзбекистон халқ шоири, марҳум Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, «Дарё» мухбири Муҳаммаджон Обидов ушбу сана муносабати билан ўзбек халқининг севимли шоири ҳақидаги хотиралари билан бўлишади.

Фото: ЎзА

Фото: ЎзА

Шеърият илоҳий куч, руҳ билан боғлиқ. Инсонпарвар ғояга йўғрилган, юксак бадиият даражасидаги шеърият эса башар мулки, маънавий суянчга айланади. Муҳаммад Юсуф ижоди ҳам шу мақомга етган. Ундаги инсон ички кечинмалари, ҳаёт ҳақиқати абадият қонунларига ҳамоҳанг, бадиий жиҳатдан оддий ибора, содда сўз, самимий ифода уйғунлигидаги ўлмас санъат асари мақомига етган.

Мен мухлисман ва Муҳаммад Юсуфдек ёрқин юлдуз ижодини талқин қилолмасман. Аммо замондош сифатида айтмоқчиманки, у нафақат шоир эди…

Ишончим комил, Муҳаммаджон наинки мен, балки унга ўз қалбини очиб мурожаат қилган ўнлаб дўстлари, оддий одамларга руҳий таянч, ҳамдард бўла олган улуғ инсон эди.

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирлаб борарди. Тошкентнинг машҳур Навоий кўчаси 30-уй қаршисида (бу бинода бир неча нашриётлар жойлашганди) учрашиб қолдик. қучоқлашиб кўришдик. Муҳаммад Юсуф менга отам вафоти билан ҳамдардлик билдирди. Ишлари билан бўлиб Марғилонга боролмаганига узр айтди. Ўлим ота мерос, тақдири азал экани ҳақида гапириб, кўнглимни кўтарди. Бирга тушлик қилдик. Талабалик йилларини эслади. Яна гап айланиб дадамга тўхталди:

– Марғилонда, уйингизда меҳмон бўлганим ҳеч ёдимдан чиқмайди, – деди у. – Худо раҳмат қилсин, Долимжон тоға хўп маърифатли, санъатсевар инсон эдилар…

Кўзимга дув этиб ёш келди. Хотираларим уйғонди.

...Талаба эдик. Таътил чоғида Муҳаммад Юсуф билан Марғилонга келсак, уйимиз тўла меҳмон экан. Дадам ҳофиз Таваккал Қодиров билан яқин дўст эдилар. Унинг ҳар бир қўшиғини ёд билар, баъзида ўзларича ҳиргойи ҳам қилиб қўярдилар. Ўша куни уйимизда дадам улфатларига «гап» бераётган, Таваккал ака эса жўшиб куйлаётган эди…

– Дадамнинг вафоти мен учун нафақат мусибат, балки қалбимга умрбод тарқалмас армон тошини осиб кетди. У киши қазо қилганларида Марғилонда эмасдим, охирги йўлга кузатиш менга насиб қилмади.

Мен ўзимни тута олмай Муҳаммад Юсуфнинг елкасига бош қўйиб йиғлардим. У мени бағрига босиб, елкамга оҳиста қоқиб қўйди-ю, стол устидаги салфеткадан бир дона олиб ҳеч тўхтамай, бирон сўзни таҳрир қилмай туриб ёзди ва:

– Тақдир экан, адаш, бардам бўлинг, – деди-да, ҳалиги қоғоз парчасини кўкрак чўнтагимга солиб қўйди. Сўнг хайрлашдик.

Уйга келгач, қоғоздаги сатрларни ўқидим:

Ҳар кимнинг ҳам сочларига оқ тушсин,

Тўйлар кўриб, елкасидан тоғ тушсин

Ва жисмига сўнгги сафар чоғида

Ўз боласи қўлидан тупроқ тушсин.

Афтидан, қалбимдаги аламли армон шоир руҳига кўчган эди. Унга ўша туйғулар тинчлик бермаган. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, унинг мана бу шеъри эълон қилинди:

Ҳар кимнинг ҳам сочларига оқ тушсин,

Ажин тушган юзларига доғ тушсин.

Ҳар кимнинг ҳам қувват кетиб белидан

Қўлларига асо – бир таёқ тушсин.

Иймони соф, юзга кириб ёруғ юз,

Тўйлар кўриб, елкасидан тоғ тушсин.

Ва жисмига сўнгги сафар олдидан,

Ўз боласин қўлидан тупроқ тушсин…

Ҳар гал Марғилондаги «Хўжа Порсо» қабристонига, дадамнинг абадий оромгоҳларига бориб, тиловат қилгач, Яратгандан Муҳаммад Юсуфга ҳам жаннатли мақом тилайман. Чунки унинг ўша ёзиб берган тўрт сатр шеъри шу ерга ўрнатилган қабр тошига ўйиб ёзиб қўйилган:

Ҳар кимнинг ҳам сочларига оқ тушсин,

Тўйлар кўриб, елкасидан тоғ тушсин

Ва жисмига сўнгги сафар чоғида

Ўз боласи қўлидан тупроқ тушсин...

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Маҳаллий
Хоразмда икки киши ис газидан вафот этди
Маҳаллий
Виртуал карталар нима ва улардан қандай қилиб тўғри фойдаланиш мумкин?
Дунё
Twitter офисида ходимлар учун каравотлар пайдо бўлди, Илон Маск аввалроқ меъёридан ортиқча иш бўлиши ҳақида огоҳлантирганди