Сабзавот-полизчилик, боғдорчилик ва узумчилик йўналишидаги фермер хўжаликларининг ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори (ВМҚ-258, 03.04.2018-й.) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» каналида маълумот берилди.
Ушбу қарор билан ер шароити ва сув таъминоти оғир, паст рентабелли, охирги уч йилда пахта ҳосилдорлиги 15 центнердан кам бўлган 99 371 гектар ер майдонларида сабзавот, полиз, картошка, мойли ва дуккакли экинлар экилиши белгиланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари мазкур ер майдонларига пахта ва ғалла экинларини экмаслик бўйича қатъий огоҳлантирилди.
Тижорат банклари томонидан фермер хўжаликларини аванс маблағлари билан таъминлаш учун қайта ишлаш, тайёрлов ва экспортёр корхоналарга, шунингдек, сабзавот, полиз, картошка, мойли ва дуккакли экинларни етиштириш учун фермер хўжаликларига ажратиладиган тижорат кредитлари фоиз ставкасининг беш фоизи Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан қоплаб берилади.
Иқтисодиёт вазирлигига мева-сабзавот, узум, полиз ва дуккакли дон маҳсулотларининг турлари бўйича етиштириш таннархидан келиб чиқиб, маҳсулот етиштирувчиларнинг рентабеллигини инобатга олган ҳолда ушбу маҳсулотлар хариди учун ўртача тавсиявий нархларни ишлаб чиқиш топширилиб, мазкур маҳсулотларнинг нархи харид қилиш вақтидаги бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда ўзгартирилиши мумкинлиги белгиланди.
Изоҳ (0)