«XXI аср» газетасининг 5 апрель сонида чоп этилган «Ўн йилга чўзилган оқлов ёхуд Нурулла Қаюмов бошидан кечган ажиб савдолар хусусида» сарлавҳали мақолада ноҳақ қамалган ҳокимнинг тақдири ҳақида ҳикоя қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мақолада қайд этилишича, 2004—2007 йилларда Чироқчи туман ҳокими бўлиб ишлаган Н.Қаюмов жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судининг 2008 йил 29 февралдаги ҳукми билан 12 йилга озодликдан маҳрум этилган. Газета собиқ ҳокимга қўйилган айбловлар уйдирма ва сохта эканини билдиради.
Терговда ҳокимни кўчатларни ўз вақтида суғормагани, Президент қарори билан ногиронлар интернатига совға қилинган Damas автомашинасидан ҳам хато топилиб, «дело»га тикилгани эътироф этилади. «Столбани қамашга ҳам асос топган» идоралар ана шу тариқа ҳокимга айб тақагани, унга қарши сохта жабрланувчи ясалгани таъкидланади.
Шунингдек, ноҳақ қамалган Н.Қаюмов тергов ҳибсхонасида сақланаётган пайтда онасидан ажраб қолгани ва маъракасига бора олмагани, ноҳақ қамалганидан сўнг бир акасининг инфарктга чалингани, яна бир акаси эса вафот этгани ҳақида сўз боради.
Н.Қаюмов озодликка чиқди. У жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди апелляция судлов ҳайъатининг 2017 йил 23 ноябрдаги ажрими билан барча айб эпизодлари бўйича айбсиз деб топилиб, реабилитация қилиш йўли билан оқланди.
Мақола Жиноят-процессуал кодекси 310-моддасида қайд этилган қуйидаги меъёр билан якунланади:
«Қонунга хилоф равишда ҳукм қилингани, қонунга хилоф равишда тиббий муассасага жойлаштирилгани, эҳтиёт чораси тариқасида қонунга хилоф равишда қамоққа олингани ёки уй қамоғига жойлаштирилгани, қонунга хилоф равишда ушлаб турилгани туфайли ишдан (лавозимидан) озод қилинган ёки ишда айбланувчи, судланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши муносабати билан лавозимидан қонунга хилоф равишда четлаштирилган шахс олдин ишлаган ишига (лавозимига) тикланиши лозим».
Изоҳ (0)