Қуролли Кучлар академиясида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг 2018 йил биринчи чорак якунларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.
Йиғилишда мудофаа вазирининг ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари полковник Азизбек Икрамов, кенгаш аъзолари ва унинг минтақавий бўлинмалари раислари, ҳарбий округлар қўшинлари қўмондонлиги ва шахсий таркиб билан бевосита маънавий-маърифий йўналишда ишларни ташкиллаштириш учун маъсул бўлган офицерлар иштирок этди.
Йиғилишда кенгаш ва минтақавий бўлинмалари фаолияти, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда кенгаш олдида турган вазифалар, Ёшарни ҳарбий-ватанпаварлик руҳида тарбиялаш концепцияси доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги маърузалар тингланди. Унда Жамоатчилик кенгашининг айрим аъзолари ҳамда минтақавий бўлинма аъзоларининг фаолияти танқидий нуқтаи назардан баҳоланди. Кенгаш низоми ва қабул қилинаётган режалар ҳамда бошқа ҳужжатларда кенгаш аъзоларининг вазифалари белгиланган бўлсада, улар томонидан ташаббус билан ҳарбий қисмларда тадбирлар ўтказилмагани, фақатгина таклиф асосида Қуролли Кучлар ҳаётидаги муҳим воқеаларга қатнашиб келинаётгани таъкидланди.
Тадбир сўнгида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ва унинг Минтақавий бўлинмаларининг фаолиятини кучайтириш бўйича истиқболдаги режалар белгиланди.
Маълумот ўрнида: Жамоатчилик кенгаши Мудофаа вазирлиги фаолиятининг очиқлигини, ошкоралигини таъминлаш, давлатнинг мудофаа ва ҳарбий қурилиш соҳасидаги сиёсатини амалга ошириш, ривожлантиришга фуқаролар ва жамоат бирлашмаларини жалб қилиш, ҳарбий касб нуфузини ошириш, ҳарбий хизматчилар ҳамда чақириққача бўлган ёшларнинг маънавий-ахлоқий, ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси тизимини шакллантириш сингари устувор мақсадларга хизмат қилмоқда.
Изоҳ (0)