Америка президенти Дональд Трамп наркотиклар савдогарлари учун ўлим жазоси жорий этиш ғоясини ноошкорона қўллаб-қувватламоқда. Сиёсатчи ўз ёрдамчилари билан АҚШда гиёҳвандликка қарши кураш чораларини муҳокама қилиш чоғида бу ҳақда кўп гапиради, деб ёзади «ТАСС».
Трамп наркосавдогарлар қамоқда «тузалиши»га ишонмайди. У наркодилерларни фақат ўлим жазосига лойиқ бўлган серияли қотиллар билан қиёслайди.
Гиёҳвандлик муаммосининг ечими сифатида АҚШ президенти одатда Сингапурни мисол қилиб келтиради. Трампнинг сўзларига кўра, у Сингапур бош вазирига мамлакатда гиёҳвандлик муаммоси бор-йўқлиги ҳақида савол берганида, у «гиёҳвандлик йўқ, аммо ўлим жазоси бор», деб айтган. Шунингдек, Трамп наркосавдогарлар учун қонунда ўлим жазоси кўзда тутилган Хитой ва Филиппинни ҳам тилга олади.
Оқ уй маъмурияти аниқлик киритишича, Трамп ўлим жазоси ҳақида гапирганида наркотик моддалар дозаларини улкан ҳажмда тарқатувчи йирик наркосавдогарларни назарда тутмоқда.
Изоҳ (0)