FamousGrey реклама агентлиги Craftworkz технологик стартапи билан Volvo S90 автомобилига сунъий интеллект ўрнатди ва қайта жиҳозлади. Машина «HR90» номи остида механик лавозимига номзодларни суҳбатдан ўтказади. Бу ҳақда TJournal хабар берди.
Реклама воқеалари Бельгиянинг Гент шаҳридаги заводда бўлиб ўтган. Автомобиль номзодлардан бирини тасвирни таниш, анкетада кўрсатилган маълумотларни таққослаш, юз ифодаси ва номзод томонидан ишлатилган сўзлар таҳлили, мотивация ва ижтимоий қобилиятларини аниқлаш йўли билан текшириб кўрган. Бундан ташқари, «HR90» номзодга табассум қилишни таклиф қилган, шунингдек, машина унинг учун тушкунлик вазиятлари билан курашиш мақсадида Шопеннинг асарини қўйиб берган.
Компания янги ходимларни излашда давом этмоқда ва ишга олувчи автомобиль билан суҳбат учун сайтда ариза қолдиришни сўрамоқда. Бироқ номзоднинг ишга яроқли ёки йўқлиги юзасидан қарор қилиш ҳали ҳам Volvo’нинг кадрлар масаласи бўйича менежерларининг вазифаси ҳисобланади.
Изоҳ (0)