Олдинроқ Имом Бухорий ҳақида фильмни суратга олиш ишлари бошлангани ҳақидаги хабар тарқалган эди. Бу борада баёнот берган режиссёр Рустам Саъдиевнинг ўзи фильм устида ишлаши таъкидланган эди. «Ўзбеккино» миллий агентлиги Facebook’даги саҳифасида хабарнома эълон қилиб, ушбу янгиликка тузатиш киритди, шунингдек, бир қатор янги маълумотларни тақдим этди.
Аниқлик киритилишича, «халқимизнинг бой ва қадимий тарихи, улуғ аждодларимизнинг бебаҳо мероси ҳамда бугунги замондошларимиз ҳаётини акс эттиришга бағишланган» бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратиш бўйича дастлабки ҳаракатлар бошланган.
Агентликнинг яқин уч йиллик режасига мувофиқ, Имом Бухорий, Имом Термизий, Термизийлар сулоласи, Имом Мотуридий, Абу Муъин Насафий, Баҳоуддин Нақшбанд каби мутафаккир ва азиз-авлиёлар, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби давлат арбоблари, шоир ва адиблар, Ибрат, Абдулла Авлоний ва Чўлпон каби маърифатпарварларнинг ҳаёт ва ижод йўли ҳақида бадиий, бадиий-публицистик киноасарларни яратиш белгилаб олинган.
Ҳозирда ушбу фильмлар, шу жумладан, Имом Бухорий фильми учун ёзилган адабий сценарийлар мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилмоқда. Якунда айнан қайси муаллифлар сценарийлари асосида фильмлар суратга олиниши ва улар қайси ижодкорларга ишониб топширилиши фақатгина агентлик бадиий кенгаши кўригидан сўнг маълум бўлади.
«Шундай экан, Имом Бухорий ҳақидаги фильмнинг муаллифи ва режиссёри ҳақида ҳозирданоқ хулоса чиқаришга шошилмасликни тавсия қиламиз», — деб таъкидланади хабарда.
Изоҳ (0)