Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиёда «C5+1» форматида учрашув ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталида хабар берилди.
«C5+1» Марказий Осиёнинг беш давлати ва АҚШ ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарларининг мулоқотини англатади. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ давлат котибининг ушбу форматдаги илк учрашуви 2015 йил 1 ноябрда Самарқандда бўлиб ўтган.
Хорижий оммавий ахборот воситаларида тарқатилган хабарларга кўра, АҚШ давлат котиби ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Элис Уэллс «C5+1» форматидаги шерикликни амалий ва самарали деб атаган.
«Аввалги маъмурият томонидан йўлга қўйилган бу формат АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан ҳам тўла қўллаб-қувватланмоқда. Давлат котибимиз Рекс Тиллерсон Нью-Йоркда ўз ҳамкасблари билан бу доирада учрашганди. Келгусида Марказий Осиёда шундай учрашув ўтказилади. Бу лойиҳани мустаҳкамлаш учун АҚШ Конгресси 15 миллион доллар маблағ ажратган», — деган эди Элис Уэллс.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ Марказий Осиё бирлашаётгани ва минтақанинг умумий муаммоларини ҳал қилаётганидан хурсанд.
Изоҳ (0)