Космосда уч ҳафта ичида тўққиз сантиметрга ўсганини маълум қилган япониялик астронавт Норисигэ Канаи бўйининг узунлигини ўлчашда хатолик юз берганини тан олди. Хатоликни аниқлашда унга Халқаро космик станциядаги россиялик ҳамкасби ёрдам берган. Бу ҳақда у ўзининг Twitter’даги саҳифасига ёзиб қолдирди.
«Россиялик қўмондон (экспедиция қўмондони Антон Шкаплеров) тўққиз сантиметр бу жуда кўп эканлигини айтди. Шундан сўнг, бўйимни ўзим қайта ўлчаб кўрдим ва у 182 сантиметр эканлигини аниқладим — бу ердаги ҳолатдан атиги икки сантиметрга узунроқ демакдир», — деб ёзади Канаи.
Япониялик астронавт ёлғон хабар учун узр сўради ва умуртқа суяклари орасидаги бўшлиқларнинг кенгайиши оқибатида юзага келадиган оғриқларни сезмаётганини маълум қилди.
Канаи ўзининг бўйи ҳаддан ортиқ ўсиб кетганини 9 январь куни маълум қилганди.
Изоҳ (0)