Ёнғин оқибатида бозорнинг 8 минг метр квадрат майдонидаги дўконлар вайрон бўлган. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ хабар берди.

Маълум қилинишича, 2025 йил 11 август куни соат 02:20 ларда Тошкент тумани, “Сабзавот” МФЙ ҳудудида жойлашган “Уч қаҳрамон ихтисослашган савдо мажмуаси” МЧЖда ёнғин келиб чиққан.
Бозорнинг умумий дўконлар қурилган майдони 20 минг метр квадрат бўлиб, кўрилган тезкор чоралар натижасида 12 минг метр квадрат майдонда жойлашган савдо дўконлари ёнғиндан сақлаб қолинган. Ёнғин оқибатида тан жароҳати олган ёки ҳалок бўлганлар аниқланмаган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувига олинган.
Ҳозирда ёнғин келиб чиқиши сабабларига аниқлик киритиш мақсадида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов органлари якуний хулосасига кўра қўшимча ахборот берилиши билдирилган.
Аввалроқ ФВВ ходимлари алангани ўчиришга 10 та ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига соат 02:29 да етиб боргани хабар қилинганди. Ёнғин соат 03:24 да қуршаб олиниб, соат 04:46 да ўчирилган.
Изоҳ (0)