Президент Шавкат Мирзиёев 11 август куни яширин иқтисодиётга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Президент ахборот хизмати хабарига кўра, сўнгги йилларда солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайди, 100 дан ортиқ турдаги лицензия ва рухсатнома бекор бўлди. Натижада кузатилмаётган иқтисодиёт улуши 2019 йилдаги 45-50 фоиздан ҳозирда 35 фоизга тушди. Тақдимотда ҳали буни янада камайтириш зарурлиги айтилган.
Мутасаддилар яширин иқтисодиётга сабаб бўлаётган омиллар ва уларни бартараф этиш чоралари бўйича ахборот берган. Муаммога қарши курашишда энг самарали йўл илғор технологиялар асосида янгича ёндашувларни жорий қилиш экани таъкидланган. Масалан, Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тўлиқ автоматлашган тўловга ўтказилгани натижасида аслида йўловчилар сони 30 фоизга кўп экани кўринган. Ёки рақамлаштирилган деҳқон ва буюм бозорларида тушум 2-3 карра ошмоқда.

Тақдимотда шундай тизимни қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт, савдо ва хизматлар каби яширин иқтисодиёт улуши юқори бўлган соҳаларда ҳам жорий қилиш бўйича кўрсатма берилган. Лицензия ва рухсатнома бериш жараёнлари ҳамда муддатларини қайта кўриб чиқиб, инсон омилини кескин қисқартириш ва барча қадамларни тўлиқ рақамлаштириш вазифаси қўйилган. Тадбиркорлар кўп дуч келадиган солиқ, банк, божхона, коммунал, сертификатлаш каби соҳаларда коррупцияга йўл очаётган омилларга чек қўйиш зарурлиги айтилган.

“Электрон тўловлар ривожлангани одамларга кенг қулайлик яратмоқда. Бу яширин иқтисодиётни қисқартиришда ҳам мақбул восита. Бунинг учун нақдсиз ҳисоб-китобларни рағбатлантириш, тўлов тизими операторларини кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди. Давлат раҳбари фақат назоратни кучайтириш билан яширин иқтисодиётни жиловлаб бўлмаслигини, аҳоли ва тадбиркорларнинг солиқ маданиятини ошириб, тўғри ишлаганларни рағбатлантириш йўлидан бориш кераклигини таъкидлади”, дейилади манбада.
Шу билан бирга, тақдимотда ҳар бир соҳа бўйича алоҳида ёндашув қилиб, тадбиркорларга очиқ ва қонуний ишлашни манфаатли қилиш вазифаси қўйилган. Солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва рақамлаштириш, бизнесга қўшимча енгилликлар бериш, меҳнат муносабатларини яхшилаш бўйича топшириқлар берилган. Ўз навбатида солиқ маданияти бутун жамият ишига айланиши зарур қайд этилган.

Маълумот учун, 2024 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 115 миллиард долларни ташкил этган. Кузатилмаётган, яъни солиқ ва жарималар ундирилмаётган, панадаги иқтисодиёт улушини шунга асосан ҳисобланса, ЯИМнинг 35 фоизи 40 миллиард доллардан ортиқ бўлади.
Изоҳ (0)