13 декабрь куни тахминан тонгги 5 ларда Тошкентнинг Миробод туманидаги Нукус кўчасида марказий иситиш тизимининг 700 мм диаметрли қувури ёрилиб кетди, деб ёзади «Газета.uz». Коммунал хизматлар томонидан кун давомида қувурдаги авария оқибатлари бартараф қилинган, аммо иссиқ сув Мироншоҳ кўчасининг 9 оила (ҳозирда — 8) яшайдиган 8-тор кўчасидаги 11 та хусусий уйни яроқсиз ҳолатга келтирди. «Байналминал» маҳалласи фуқаролари шаҳар ҳукуматига мурожаат қилиб, ёрдам сўради.
Шикоятчи фуқаролардан бири айтишича, авариядан кейин Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари уйни авариявий ва яшаш учун яроқсиз ҳолатда деб топиб, хатлаб кетган. Аммо 17 кундан кейин ҳам жабрланган оилалар ҳамон янги уйларга кўчирилмаган ва «хавфли ҳудуд»да яшашда давом этмоқда.
«Пол, шифт, мебель — барчаси ивиб, шишиб кетди. Деворларда ёриқлар пайдо бўлди… Бизга Сергели туманидаги ва Слоним кўчаси (Яшнобод тумани)даги квартираларни таклиф қилишди. Аммо у ерни тубдан таъмирлаш керак. Бунинг устига, у ер менинг иш жойим ва болаларнинг ўқиш жойларидан жуда узоқда. Бор пулимиз фақат таксига кетади», — деди у.
Маҳалла фуқаролари туман маъмурияти уй-жойни шу туманнинг ўзидан беришини истаяпти. «Ҳеч ким биздан бу ерда қандай яшаётганимизни сўрамаяпти. Хатларимизга жавоб йўқ».
Изоҳ (0)