Швейцариянинг Женева аэропортида Украина собиқ бош вазири Арсений Яценюк тўхтатилди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Ольга Лаппо маълум қилди, дея хабар беради «Интерфакс».
«Женевага кичик қизи билан учиб келган Арсений Яценюк паспорт назоратида Россия сўровига биноан (барчага маълум Чеченистондаги жанговар ҳаракатларда иштирок этганлик айблови бўйича) тўхтатилди. 10 дақиқа мобайнида барчасига аниқлик киритилди ва қўйиб юборилди. Қайта парвоз чоғи ҳам шундай жараён қайтарилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган ҳолда», — дея ёзув қолдирди Лаппо Facebook’даги саҳифасида.
Жорий йил апрелида Россия бош прокуратураси вакили Александр Куренной Интерполга Арсений Яценюкни халқаро қидирувга бериш юзасидан ҳужжатлар жўнатилганини тасдиқлаганди.
Маълумот учун, Яценюк УНА-УНСО ташкилоти таркибида 1990 йилларда Чеченистонда россиялик ҳарбий хизматчиларга қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этганлиги тўғрисида 2015 йил сентябрида Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин маълум қилганди.
Изоҳ (0)