Америкаликларнинг салкам ярми (49 фоизи) АҚШнинг Исроилдаги элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчириш шарт эмас, деб ҳисоблайди. CNN телеканали томонидан ўтказилган сўров шундай натижа тақдим этди, дея хабар бермоқда «Коммерсантъ».
АҚШ аҳолисининг фақат 36 фоизи мамлакат президенти Дональд Трампнинг Исроилдаги элчихонани бир шаҳардан баҳсли бошқа бирига кўчириш ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватлаган.
Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, сўровномада қатнашганларнинг учдан икки қисми АҚШ Исроил-Фаластин можаросида ҳеч бир томоннинг ёнини олмаслиги керак, деб ҳисоблайди.
Айни вақтда, АҚШ низолашаётган бу икки томондан бири қўллаб-қувватлаши керак деб ҳисоблаган америкаликларнинг 24 фоизи Исроилни, атиги 2 фоизи Фаластинни танлади.
Маълумот учун, CNN’нинг бу сўровномаси 14—17 декабрь кунлари ёши 18 дан катта 1 001 нафар америкалик ўртасида ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, 6 декабрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олиб, мамлакатнинг Исроилдаги элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчириш ҳақида кўрсатма берган эди.
Жорий ҳафта эса БМТ Бош ассамблеяси Қуддус масаласида фавқулодда йиғилиш ўтказиб, АҚШнинг қарорини қоралади. Ассамблея томонидан қабул қилинган резолюцияда Қуддуснинг моҳияти, мақоми ва демографик таркибини ўзгартиришга қаратилган ҳар қандай қарор ноқонуний деб топилиши таъкидланган.
Изоҳ (0)