Ўзбек тилининг халқаро баҳолаш тизими — UzLISA (Uzbek Language International Standard of Assessment) яратилди. Бу ҳақда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Ушбу тизим инглиз тилининг IELTS (International English Language Testing System), корейс тилининг TOPIC (Test of Proficiency in Korean), япон тилининг JLPT (Japanese Language Proficiency Test) ва бошқа тилларнинг баҳолаш тизимлари билан бир қаторда ўзбек тили тарихида биринчи марта йўлга қўйилмоқда.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўқитувчилари Хабибулло Бакиев, Гулрухсор Эргашева ва Oдинахон Саидаҳмедовалар томонидан ўзбек тилини билиш даражасини белгилаб берувчи халқаро сертификат UzLISA яратилди. Сертификат ходимлар томонидан яратилаётган «ЎЗБЕГИМ» (Ўзбек тилини босқичлаштирилган эшитиш, гапириш, имло ва мутолааси) номли дастурга асосланади.
Дастурни мукаммал ва стандартларга мос равишда ўрганувчиларга тақдим этиш учун иш қизғин давом этмоқда. «ЎЗБЕГИМ» дастури 2018 йил январь ойидан жорий этилиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)