Қаршининг «Насаф» клубида фаолият олиб бораётган Рўзиқул Бердиев Ўзбекистон миллий терма жамоасига вақтинчалик бош мураббий бўлиши мумкин. Бу ҳақда «Sports.uz» ўз манбаларига таяниб хабар берди.
ЎФФ матбуот хизмати бу хабарни расман тасдиқлаганича йўқ. Аввалроқ янги раҳбарият хорижлик мутахассислар билан музокара олиб бораётгани ва миллий терма катта эҳтимол билан чет эллик мураббийга топширилиши айтилганди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ноябрь ойида Қатарга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушиши мумкин. То хорижлик мутахассис ва ЎФФ битта ечимга келгунига қадар, Ўзбекистон миллий терма жамоасини Қатарга қарши ўйинга Рўзиқул Бердиев тайёрлашга яқин.
Миллий терма жамоанинг сўнгги бош мураббийи ЖЧ саралашини тарихда илк бор тўлиқ ўтказишга муваффақ бўлган ва кутилган муваффақиятсизликка учраган Самвел Бабаян эди.