Испания Профессионал футбол лигаси «Барселона»нинг «Лас-Пальмас»га қарши 1 октябрь куни Тошкент вақти билан 19:15 да бошланиши лозим бўлган ўйинини бошқа санага қолдиришдан бош тортди. «Барселона» учрашувни ўтказади, фақат мухлисларсиз ўйнайди — ўйин бўш трибуналарда бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда Meduza.
— FC Barcelona (@FCBarcelona) October 1, 2017
«Барселона» 1 октябрь куни Каталонияда мустақиллик референдуми ўтказилаётгани муносабати билан шундай қарор қабул қилган. Испания Конституциявий суди мазкур референдумни бекор қилган, мамлакат ҳукумати уни ноқонуний деб ҳисобламоқда.
Шунга қарамай, «Барселона»нинг кўплаб ўйинчилари (ҳозир ўйнаётганлари ҳам, собиқ футболчилари ҳам) референдумни қўллаб-қувватлади. Айни вақтда, «Лас-Пальмас» ўйин олдидан ўз либосига Испания байроғини намойишкорона тиктирган эди — клуб шу йўл билан Испания ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаган.
«Sports.ru»нинг қайд этишича, стадион атрофига «Барселона» мухлислари оломони тўпланган. Ўйинга 70—80 минг атрофида томошабин келиши кутилган эди.
Каталониядаги мустақиллик референдуми полициянинг қатъий қаршилиги остида ўтмоқда — тонгда полиция бир қатор сайлов участкаларининг очилишига йўл қўймаган, кейинроқ бошқаларининг бюллетен учун урналарини олиб қўйган. Оқибатда Каталонияда оммавий норозилик намойишлари бошланди, тўқнашувларда 300 дан зиёд одам жароҳатланди.
Изоҳ (0)