Жанубий Корея халқаро аэропортида уч нафар хитойлик юзини пластик операция қилдиргани сабаб паспорт назоратидан ўта олмади. Бу ҳақда Daily Mirror’га таяниб, «Корреспондент.net» хабар берди.
Хитойликлар Жанубий Кореяга куз фаслида етти кун давомида нишонланадиган «Олтин ҳафталик» байрамида йўл олишган. Улар юзларини пластик операция қилдириб, уйга қайтишни режалаштиришган, бироқ паспорт назорати бўлимида уларни тўхтатишган.
Нашрнинг таъкидлашича, юздаги бинтлар, шишлар ва операция натижасида юз берган ўзгаришлар сабаб улар ўзлари тақдим этган ҳужжатдаги суратга ўхшамай қолишган. Улар Хитойга қайтишга муваффақ бўлдими ёки йўқ номаълум.
Юзлари бинтланган хитойлик туристларнинг қўлларида ҳужжатлари билан ўтирган ҳолда, иммиграцион хизмат қарорини кутаётгани тасвирланган сурати Хитой ижтимоий тармоқларига машҳурликка эришди. Унга 51 мингдан ортиқ «лайк» босилган.