Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таълим тизимидаги ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш мақсадида соҳа раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларини қабул қилди ҳамда ҳисоботларини тинглади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг расмий сайтида маълум қилинди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази ҳамкорлигида иқтидорли ва қобилиятли ўқувчиларни танлаб олиш, уларни олий таълим муассасаларига мақсадли тайёрлашни ташкил этиш учун ҳар бир олий таълим муассасаси ҳузурида биттадан академик лицей очиш ва фаолиятини йўлга қўйиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўрта махсус касб-ҳунар муассасалари тармоқ вазирликлари ва давлат қўмиталарига бириктириб берилди.
10-11-синфлар жорий этилиб, коллежларда контингент қисқариши муносабати билан мавжуд моддий техника базасидан самарали фойдаланиш мақсадида 7 та коллеж ва академик лицей негизида янги 1 та олий таълим муассасаси ва 3 та олий таълим муассасаси филиаллари ташкил этилмоқда.
Мулоқот чоғида олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини ортиқча ҳисоботлар, турли бюрократик топшириқлардан озод этиш, уларнинг илмий салоҳиятларини таълим мазмуни ва сифатини янада яхшилаш, илмий тадқиқот ишларига йўналтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Изоҳ (0)