Бугун, 14 август куни президент Шавкат Мирзиёев чиқиндиларни қайта ишлашни кенгайтириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, охирги уч йилда чиқиндиларни қайта ишлашни кенгайтиришга икки триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилган. Ўтган йили Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ташкил этилган.

“Чиқинди корхоналари учун 1 минг 200 та янги техника олиб берилди. Маҳаллаларда чиқинди майдончалари қурилди. Тўплаш ва ташиб кетиш яхшилангани натижасида бу тармоқ иккиламчи хом ашё манбаига айланди.
Авваллари давлат монополиясида бўлган соҳада тадбиркорликка йўл очилиб, қулай бизнес муҳити яратилди. Жумладан, санитар-тозалаш ҳамда чиқиндини қайта ишлаш корхоналари учун фойда солиғи ва ижтимоий солиқ ставкалари бир фоиз этиб белгиланди. Четдан олиб келинадиган техника ва ускуналар импорт божидан озод қилинди. Натижада 200 га яқин санитар-тозалаш ва 290 та чиқиндини қайта ишлаш корхоналари очилди”, дейилади манбада.

Тақдимотда мутасаддилар соҳадаги лойиҳаларнинг бориши ва галдаги режалар ҳақида ахборот берган.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда йилига 14 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади. Лекин уларни қайта ишлаш даражаси паст. Сўнгги йиллардаги лойиҳалар натижасида бу энди беш фоизга етган.
Чиқиндини ёқиш орқали энергия ишлаб чиқариш лойиҳалари қўллаб-қувватланмоқда. Хитойлик инвесторлар олтита вилоятда шундай заводлар қураяпти. Давлат чиқинди утилизацияси учун уларга тўлов қилиш билан бирга, ҳосил бўлган энергияни сотиб олиш бўйича ҳам мажбурият олаяпти.
Яқинда Тошкент шаҳрида тиббиёт чиқиндисини ёқиб, иссиқлик оладиган иккита корхона ишга туширилди. Яна Самарқандда иккита, қолган ҳудудларда биттадан шундай заводлар қурилиши мўлжалланган.

Йиғилишда маиший чиқиндиларнинг тўртдан бири қоғоз, пластик, резина, шиша, тўқимачилик қолдиқларига тўғри келиши айтилган. Уларни қайта ишлаб, 1 триллион сўмлик маҳсулот олиш мумкинлиги айтилган. Бундан ташқари, мамлкатда қайта ишланмайдиган қурилиш, кимё, электрон, техник ва саноат мойлари бўйича катта захира борлиги таъкидланган.
Чиқиндини ташиб кетиш хизматлари аҳолини рози қиладиган даражада бўлиши кераклиги қайд этилган. Шу боис маҳаллага чиқинди техникасининг келиш вақти ва ҳаракатини онлайн кўриш имкониятини яратиш вазифаси қўйилган.
Ижтимоий муассасалар ва маҳаллаларни чиқинди контейнерлари билан тўлиқ таъминлаш бўйича икки йиллик дастур ишлаб чиқилиши белгиланган. Тақдимотда вҳолида экологик маданиятни боғча ва мактабдан бошлаб шакллантириш муҳимлиги таъкидланган.
Изоҳ (0)