Турли жиноятлари учун халқаро қидирувда бўлган шахслар АҚШ ва Туркияда топилиб, Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, Америка ҳамда Туркия томонлари билан қўшма саъй-ҳаракатлар натижасида, турли жиноятлар, жумладан солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, ўта йирик миқдордаги фирибгарлик ва бошқа қилмишларни содир этганлиги учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларимиз томонидан қидирув эълон қилинган Ўзбекистон фуқаролари мамлакатлардан чиқариб юборилди.

Америка ва Анқара Интерпол Миллий Марказий бюроси, АҚШ ва Туркия ваколатли органлари билан олиб борилган музокаралар, қўшма тезкор ҳаракатлар ва ахборот алмашинуви натижасида қидирувдаги шахсларни мамлакат ҳудудидан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Бунинг натижасида, АҚШнинг Иммиграция ва божхона полицияси ходимлари ҳамроҳлигида икки нафар жиноятчи Нью Йоркдан Тошкентдаги Ислом Каримов номидаги Халқаро аэропортга олиб келинди. Яна икки киши эса Истанбулдан чиқариб юборилиб, тергов ҳаракатларини ўтказиш мақсадида тегишли ходимларга топширилди.
Изоҳ (0)