Тошкент шаҳридаги Дўмбиробод қабристонининг бир қатор участкаларида дарахт кесиш ишлари вақтида қабртошлар, ёдгорликлар бузилган. Бу ҳақда Елена Комиссарова Facebook’даги гуруҳлардан бирида хабар қолдирган.
«Бугун бобомни хотирлаб, Дўмбиробод қабристонига боргандик, у ердаги таҳқирликдан шунчаки даҳшатга тушдик: дарахтларни кесиб, қаерга йиқитишаётганига қарашмаяпти, ахир уларнинг остида ёдгорликлар бор-ку! Ҳар бешинчи ёдгорлик бузилган. Атроф вайрона, тош уюмлари, синган суратларга тўлган. Ким, қандай юрак билан шу ишни қилди?», — деб ёзади Facebook фойдаланувчиси.
Унинг қўшимча қилишича, қабристон директори жойида бўлмаган, у билан боғланиш имкони топилмаган — қабристон ходимлари унинг исми ва фамилиясини айтмаган.
«Қариялар бу ҳолни кўриб, қалтираб қолишди, йиғлаб-сиқташди. Буни сўз билан ифодалаб бўлмайди... Бунинг учун ким жавоб беради? Буларнинг барини ким қайта тиклайди?», — деб савол қўйган Елена Комиссарова.
Муҳокамага қўшилган фойдаланувчилардан бири икки кун аввал қабристонда бўлиб, худди шундай манзарага гувоҳи бўлганини, сўнг қабристон маъмуриятига шикоят қилганини маълум қилган.
«У ерда менга барчаси келаси шанбага қадар тартибга келтирилишини айтишди», — деб ёзади у.
Айни вақтда, фойдаланувчилардан бири мозорлардаги кўп йиллик дарахтларнинг кесилиши қабрларга зарар етказиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
«Ёдгорликларнинг бузилгани — фожианинг бир қисми, холос. Энди кучли ёғингарчилик бўлган вақтда қабрлар ўпирилишни бошлайди, чунки сув ўзига бошқа йўл тополмайди. Шу йили Минордаги қабристонда шундай бўлганида, дарахтлар кесилганидан сўнг сув қабрлар ичига тушишни бошлаганини айтишган эди», — деб ёзган фойдаланувчи.
Маълумот учун, Дўмбиробод мозори Тошкент шаҳридаги 2-сон рус қабристони бўлиб, 1964 йилда очилган ва ҳозирги вақтда бу ерда нафақат насронийлар, балки яҳудий ва мусулмонлар ҳам дафн этилади.
Қабристоннинг насроний қисмида Тошкентнинг кўплаб машҳур олимлари, зиёлилари, хусусан, Михаил Массон, Борис Лунин ва бошқалар дафн этилган. 11 июль куни айнан академиклар Массон ва Галина Пуганченковаларнинг қабрига ёдгорлик ўрнатилгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)