Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 20 июль куни «Тошкент вилоятининг маъмурий-ҳудудий тузилишини ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Президент ушбу қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг Тошкент вилояти ҳудудидаги Оҳангарон ва Янгийўл шаҳарларини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисидаги таклифини маъқуллади.
Энди ҳукумат кейинги бир ой ичида Оҳангарон ва Янгийўлни вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисидаги таклифни Олий Мажлис палаталарига киритиши лозим бўлади.
«Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига, қоида тариқасида, камида 30 минг аҳолиси бўлган, муҳим маъмурий аҳамият касб этадиган, истиқболли иқтисодий ва маданий марказлар деб ҳисобланадиган шаҳарлар киритилиши мумкин.
Маълумотларга кўра, Оҳангарон шаҳрида 34,7 минг киши (2003 йил маълумоти), Янгийўл шаҳрида эса 60,3 минг киши (2005 йил маълумоти) истиқомат қилади. Шу вақтгача ҳар иккала шаҳар ўз номи билан аталувчи туманларнинг маркази эди.
Қайд этиш жоиз, Оҳангарон ва Янгийўл шаҳарлари Олий Мажлис палаталарининг 2010 йил ноябрь ва декабрь ойларидаги қарорлари билан туман бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига ўтказилган эди. Ўшанда ҳам мазкур таклиф Вазирлар Маҳкамаси томонидан илгари сурилган эди.
Президентнинг 20 июлдаги қарори билан, Тошкент вилоятида вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар сони еттитага етди. Бунгача Ангрен, Бекобод, Олмалиқ ва Чирчиқ шу туркумга кирган бўлса, Президент қарори билан, Оҳангарон ва Янгийўлдан ташқари, вилоят маъмурий маркази этиб белгиланган Тўйтепа шаҳри ҳам вилоятга бўйсунувчи шаҳарга айланди.
Изоҳ (0)