«Ўзбекэнерго» ва Корея электр энергетика корпорацияси (KEPCO) 22 июль куни англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақда «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» дастурига таяниб, «Газета.uz» хабар берди.
«Меморандум энергетика соҳасининг деярли барча йўналишлари бўйича ҳамкорликни, электр энергиясини ишлаб чиқаришдан бошлаб то уни якуний истеъмолчига етказиб беришгача бўлган жараённи ўз ичига олади», — дея таъкидлади «Ўзбекэнерго» ташқи иқтисодий алоқалар ва инвестициялар бўлими бошлиғи Шоюнус Усмонов.
Эскирган электростанцияларни модернизация қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Ўзбекистонлик мутахассислар янги технологияларни ўзлаштириши ва кореялик ҳамкасблари билан тажриба алмашиши мумкин бўлади.
«Биз мутахассисларни Ўзбекистонга юборишни режалаштирганмиз, улар энергетика соҳасидаги вазият, ускуналар билан танишиб, таҳлил ишларни олиб боради. Бизнинг ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз ҳам тажриба алмашиш ва KEPCO технологиялари ҳамда қувватлари билан танишиш мақсадида Кореяга сафар қилади», — деди KEPCO президенти Чо Хван Ик.
Изоҳ (0)